27 February 2017
20:24 - Ўзбекистонда хабарчилининг аҳволи: АҚШ ҳукумати делегацияси 25 февралда Тошкентда учрашувлар ўтказибди
АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Дэниел Розенблюм 25 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулази Комил билан учрашгани ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча хабар берди, биз бугун бермоқдамиз. 21 асрда Ўзбекистонда хабарчиликнинг аҳволи шунақа.

Хуллас, бу учрашув чоғида ўзбек-америка муносабатлари истиқболлари, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашилгани айтилади.

Тарафлар шу йилнинг 1 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Америка-Ўзбекистон савдо паластаси йиғилиши якунларини ҳам муҳокама қилишибди. Ўша куни АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Қўшма Штатлар Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида асосий ҳамкор ўлароқ кўришини ҳамда самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини урғулаганди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ ширкатлари иштирокида 164 та корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 122 таси қўшма корхона, 42 таси эса 100 фоизлик америка сармояси билан юриб турибди.