25 February 2017
10:10 - Шавкат Мирзиё Қозоғистон Бош вазирининг биринчи ўринбосарини қабул қилишига оид хабарларнинг ягона қизиқ жойини “Ҳаракат”да кўринг

23 февраль куни “Тошкент ва Олмаота ўртасида тезюрар поезд қўйилиши мумкинмиш, ўзбекларни Қозоғистондан сиқиб чиқариш тўхтатиладими?” сарлавҳали хабаримиз ўша куни Қозоғистон-Ўзбекистон 16-Ҳукуматлараро йиғилиши бўлгани ҳақида эди. Йиғилишдаги Ўзбекистон делегациясига мамлакатимиз Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳабарлик қилгани айтилса-да, Қозоғистон делегациясига бу мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин раҳабарлик қилингани айтилмаганди.

Кейин маълум бўлишича, ўша кунги йиғилишдан кейин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Асқар Мамин билан учрашибди. Бу ҳақда Ўзбекистон режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари эртаси куни, яъни 24 февралда хабар бердилар. Умумий гаплардан иборат бўлган хабарларда иккита камчилик бор экан. Биринчиси – Шавкат Мирзиё Асқар Маминга “Дўстлик” ордени бергани хабарларда айтилмайди. Иккинчиси – Ислом Карим яратган анъана бўйича яшашни давом эттираётган Шавкат Мирзиё ўзининг Асқар Мамин билан тушган расмини хабарларга илова қилдирмаган.

Буларни “Ҳаракат” қаердан билди дейсизми? Кеча Қозоғистон давлатининг расмий ахборот воситаси “Казинформ” Шавкат Мирзиё билан Асқар Маминнинг учрашуви ҳақида камида 2 та хабар тарқатди. У хабарларда Шавкат Мирзиё ва Асқар Маминнинг Ўзбекистонда ҳам тарқатилган алоҳида расмларидан ташқари, бу икки кишининг биргаликда тушган, аммо Ўзбекистонда тарқатилмаган расми ҳам берилган. Айнан шу расмни бизнинг хабарда ҳам кўриб турибсиз. Бундан ташқари, айнан шу хабарларда Шавкат Мирзиё Асқар Маминни “Дўстлик” ордени билан мукофатлагани ва орденни 23 февралдаги учрашув пайтида Асқар Маминга топширгани ҳам айтилади.