24 February 2017
20:22 - Қайинжиян Акбарали Абдуллаев яна 1 йил Киевда ҳибсда сақланади, тезроқ озод бўлишнинг йўлини фақат “Ҳаракат” билади
Киев суди марҳум президент Ислом Каримнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевни яна бир йилгача ҳибсда сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди. “Озодлик” радиоси украин хизматининг хабарига кўра, бундай ажримга Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Абдуллаевга нисбатан қўзғаган жиноят иши ва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш талаби сабаб бўлган. 1993 йилда имзоланган Минск шартномасига мувофиқ, МДҲга аъзо давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Украина ўзаро ҳуқуқий ёрдам бериш масъулиятини олганлар.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 33 яшар Акбарали Абдуллаевни ўзгалар мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни легаллаштиришда айбламоқда.

Суд мажлисида Акбарали Абдуллаев ўзини Ўзбекистон ҳукумати қўлига топширмасликни сўрабди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда қийноқлар кенг тарқалган, унинг ўзини ҳам қийнаб ўлдиришмоқчи эмиш.

Эй, Акбараливой, дейди мухбиримиз, Ўзбекистонимиз қийноқхоналар макони эканлигини бутун дунё билади, аммо сени қийнаб ўлдиришни кимга кераги бор. Чет эллардаги банкларда пулларининг бор, Улар янги қайинжиянга ўтказиб берилади, тамом-вассалом. Ўзинг ариза ёзиб, пулларингни унга топшир, кейин сен билан ҳеч кимнинг иши ҳам бўлмайди.

Эслатиш керакки, шу йил 14 январда Киевда ушланган Акбарали Абдуллаев марҳум ва собиқ президент Ислом Каримнинг хотинини синглисининг ўғли бўлиб, у Ўзбекистонда бир нечта йирик корхоналар ва “Осиё” меҳмонхоналар тизимининг эгаси эканлиги айтилади. У 2012 йилда Ўзбекистонда ҳибсга олинган, бутун бойлиги тортиб олингач, 2014 йилда қўйиб юборилган эди. Кўринишидан, унинг чет элларда пули борлигини энди билиб қолишган.