23 February 2017
01:21 - “Озодлик” радиосининг хабарчиликдаги афти-башараси: Жиззахда милиция зобити чўкибди, Фарғонада икки мулозим ўз жонига қасд қилибди. Ўзбекистонда бошқа хабар йўқми?

“Озодлик” радиосининг ўзбекча хизмати ўз манбаларига таяниб билдиришича, Жиззах шаҳридаги Сарбон маҳалласидан ўтувчи Сангзор дарëсига 19 февраль куни чўккан милиция подполковнигининг жасади қидирилмоқда. Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси шахсий таркиб билан ишлаш бўлими раҳбар муовини, 36 яшар подполковник Шуҳрат Ҳамидов ҳозиргача номаълум сабаб боис дарëга чўкиб кетган.

Сангзор дарëси ëқасида истиқомат қиладиган коллеж ўқитувчисининг Озодликка билдиришича, дарë бўйида ҳали ҳам қидирув ишлари давом этмоқда. Ўқитувчининг айтишича, “шаҳар милициясида кадрлар билан ишлайдиган мулозим ўзини сувга отиб жонига қасд қилди”, деган гап-сўзлар тарқаган.

Радионинг бошқа бир хабарида айтилишича, Фарғона шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Аҳмаджон Каримбердиев душанба куни эрталаб ўз уйида осилган ҳолда топилган. Бир кун аввал шундай ҳодиса вилоятни Данғара тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Илёсбек Раҳимов билан содир бўлган экан. Шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарларининг ўз жонига қасд қилиш сабаблари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўрганилмоқда эмиш.

Бу хабарлардан кўриниб турибдики, дейди “Ҳаракат” мухбири, 3 киши у ёки бу шаклда оламдан ўтибди. Уларнинг оила аъзолари учун бу катта фожеа, уларга ҳамдардлик билдиришга ҳам тайёрмиз. Аммо, дунёнинг қайси бурчагига қараманг, бу каби воқеалар ҳамма ерда юз бермоқда. Автоҳалокатларида ҳар куни минглаб одамлар оламдан ўтишидан ташқари, оилавий ёки иш еридаги талаш-тортишишлар ёки бошқа сабаблар туфайли одамлар ўз-ўзини ўлдирмоқда ёки ўша талаш-тортишиш доирасида кимлардир тарафидан ўлдирилмоқда. Уларнинг ҳаммаси хабар қилинса, оммавий ахборот воситаларида бошқа хабарларга жой қолмайди.

Шу сабабли, дунёда бу каби хабарлар ўлган ёки ўлдирилган одам таниқли киши бўлсагина қисқа айтиб ўтилади.

Аммо, АҚШдек давлатнинг оддий эмас, сиёсий ахборот воситаси бўлмиш “Озодлик” радиосининг ўзбекча хизмати моҳияти билан шунга ўхшаш олди-қочди хабарлар тарқатиш билангина машғулдир. Ўзбекистон давлати ва халқининг глобал муаммолари бу радиодагиларни мутлақо қизиқтирмайди. Бу радиода Ўзбекистонда демократик мухолифат бор-йўқлиги ҳам гапирилмайди. Тўғрисини айтса, уларнинг хўжайини бўлган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати на қизиқишга, на гапиришга рухсат бермайди.

Узоққа бориб ўтирмасдан, юзлаб бошқа мисолларни четга қўйиб туриб, биттасинигина тилга олайлик. Шу йил 28 январь куни Тошкентда тарихий воқеа юз берди. Ҳамма Ўзбекистонда демократик мухолифат йўқ бўлиб бўлганига ишониб юрган бир пайтда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг 35 киши иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлди. Мухолифатни сиёсий саҳнага олиб чиқиш йўлида қилинадиган қадамлар муҳокама қилинди. “Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати бу воқеага бир эмас, камида 10 та эшиттиришини бағишлаши керак эди. Аммо, у ердаги ҳаромийлар бу воқеани эшитмагандек юрган бўлсалар керак.

У ҳаромийлардан бошқа нарса кутиш ҳам мумкин эмас. Аммо, Интернетни, хусусан, Фейсбукни ахлатхонага айлантиришни асосий ишига айлантириб олган гўёки ўзбек зиёлилари қаерда? Айнан улар бу хусусда “Озодлик”га ташланишлари, шу воқеани муҳокама қилишлари керакмасмиди?

Нима ҳам дердик, Алишер Навоий айтганидек:

Одами эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.