22 February 2017
19:41 - Навбатдаги масхарабозлик: Ўзбекистонда судлов тизими кескин ўзгарармиш
Президент Шавкат Мирзиёнинг бугун матбуотда эълон қилинган фармонига кўра, Ўзбекистонда судлов тизими кескин ўзгаради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий Хўжалик суди, фуқаролик суди бирлаштирилиб, ягона судлов тизими шакллантирилади. Шунингдек, мансабдор шахслар устидан шикоят қилиш мумкин бўлган Маъмурий судлар тузилади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилишича, Ўзбекистонда Судьялар Олий Кенгаши ташкил этилади. Мазкур кенгаш “судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш йўли билан судьялар корпусини шакллантириш”, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, судьяларни касбий тайёрлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан шуғулланади.

Бу хабарни масхарабозлик сифатида тақдим қилишимизни тўғри тушуниш керак. Парламент қўғирчоқ театри бўлган, демократия ва ошкораликнинг урвоғи ҳам бўлмаган, мухолифат тан олинмаётган давлатда иккита масхарабозлик судини бирлаштириб, уларни мустақил ҳуқуқ органига айлантириб бўлишига ишонадиган биронта аҳмоқ топилармикан? Қолаверса, суд тизимида ўзгартиришлар қилиш парламентнинг ишидир.