17 February 2017
19:22 - АҚШ матбуоти сариқлашмоқдами? Ёки, Доналд Трампнинг миллий хвфсизлик бўйича маслаҳатчиси истеъфога кетиши атрофидаги хабарчилик ўйинлари ҳақида

Авваламбор эслатиш керакии, сариқ матбуот деб, бирон сабаб билан машҳур бўлиб кетганлар ҳақида олди-қочди, аммо ҳаммага қизиқ бўлиб кўринган сенсацион хабар тарқатувчи нашрлар айтилади. Ушбу хабарнинг қаҳрамони – сўнги ойларда ҳаммага танилиб қолган Доналд Трампнинг миллий хафсизлик бўйича маслаҳатчиси Томас Флинндир.

АҚШ Мудофаа вазирлиги, яъни Пентагоннинг Истиҳборот Бошқармаси собиқ раҳбари (2012-2014 йиллари) Томас Флинн президентликка номзод Доналд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги ва унинг русларга симпатияси борлиги ҳақидаги хабарлар 2016 йилнинг бошларидаёқ тарқалган эди. У Пентагоандан кетгандан кейин русларнинг халқаро саҳнада ўта фаоллик кўрсатаётган Russia Today телеканали билан ҳамкорлик қилгани, бу телеканалнинг 10 йиллиги билан муносабати билан ўтказилган тадбирда Владимир Путиннинг олдида тушган расми борлиги маълум бўлди.

Доналд Трампнинг ўзи ҳам сайлов олди кампанияси даврида Россия ва Путинга симпатияси борлигини кўрсатгани сабабли, у ўша пайтдаёқ Томас Флинн билан алоқада бўлгани, 2016 йил 18 ноябрда уни ўзининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси қилмоқчи эканлигини эълон қилиши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Шу йил 20 январда Доналд Трампнинг инаугурация маросими ўтиши биланоқ, Томас Флинн унинг расмий маслаҳатчиси этиб тайинлади ҳам.

Томас Флинн атрофида машмаша руҳидаги гап-сўзлар шу йил 13 январда, яъни Доналд Трампнинг инаугурациясидан бир оз аввал бошланди. Шу куни Reuters агентлиги Трампнинг матбуот котиби Шон Спайсерга асосланиб, Томас Флинн 2016 йил 29 декабрь куни Россиянинг АҚШдаги элчиси билан телефонда гаплашгани ва Трамп билан Путиннинг режалаштирилаётган телефон суҳбати ҳақида маслаҳатлашганини эълон қилди. Савол туғилади: Агар бу воқеа муҳим бўлса, нимага ўша кунлариёқ эълон қилинмади, муҳим бўлмаса, нимга уни 2 ҳафтадан кейин эслаб қолишди?

14 январда эса, яна ўша Reuters агентлиги бир эмас, бир неча аноним манбаларга асосланиб, 29 декабрь куни Томас Флинн Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан 5 марта телефонда гаплашгани, айнан ўша куни Барак Обама сайловолди кампанияси вақтида кибер-ҳужумлар уюштирган Россияга қарши янги санкциялар киритиш қарори олганини хабар қилар экан, очиқча бўлмса ҳам, Флинн элчи Кисляк билан шу ҳақда гаплашганига имо-ишора қилди ва русларнинг кибер-ҳужумлари Трампга ёрдам бериш учун қилинди деган олди-қочди гапларни яна бир марта асослашга уринаётгандек кўринди. Шон Спайсер нимага Филинн-Кисляк суҳбатини 2 ҳафтадан кейин эслаб қолганини шу маънода тушуниш керак.

15 январь куни ҳали лавозимига ўтирмаган Трампнинг вице-президенти Майкл Пенс янги йил арафасида Филинн элчи Кислякни янги йил билан табриклагани, русларнинг Т-154 учоғи Сочидан учиш пайтида ҳалокатга учраганда ҳалок бўлганлар бўйича таъзия билдиргани, русларга қарши киритилган санкциялар гаплашилмаганини билдирди. Россия расмийлари бу воқеа бўйича берилган саволларга жавоб беришдан қочдилар. Аммо, АҚШ ва Россия матбуотида Доналд Трамп президентлик курсисига ўтирмасиданоқ, уни курсидан улоқтириш ҳаракатлари бошланди маъносидаги таҳлиллар пайдо бўлишга бошлади.

Шундай бўлишига қарамасдан, Трамп 20 январдаги инаугурациясидан кейин Филинни масҳатчиси этиб тайинлади. 25 январда эса, NBC телеканали АҚШ разведкасидаги манбаларига асосланиб, Федерал Тергов Бюроси (Federal Bureau of Investigation - FBI) 29 декабрдаги Филинн-Кисляк суҳбатини яширинча тинглагани ва суҳбатнинг биронта ёмон тарафи кўрилмаганини эътироф қилганини билдирди. Аммо, тушуниш мумкинки, аслида, ўша пайтда Барак Обама ҳукуматининг бир парчаси бўлган Федерал Тергов Бюроси Доналд Трампнинг тирноғи остида кир қидирган.

Бу масалада Демократик Партиянинг тарафдори, жарчиси десак ҳам бўлади, Вашингтон Пост газетаси яна ҳам олдинга кетди ва 2 февралда Томас Флинн сайловлардан олдин ҳам, кейин ҳам руслар билан Украинадаги воқеалар туфайли АҚШнинг Россияга қарши киритган санкцияларини қисман ёки бутунлай олиб ташлаш масаласида гаплашганини иддао қилди. Доналд Трамп бундай нарсаларидан хабари йўқлигини, аммо ҳамма нарсани текшириб, керакли қарор олишини билдирди.

Айнан ўша кунлари, ҳокимиятда ҳали расмий мақомга эга бўлмаган Томас Флинн АҚШнинг расмий халқаро сиёсатини чет эллик расмийлар билан муҳокама қилиши АҚШ қонунларига зид эканлиги айтилди, ўша қонунлардан иқтибослар келтирилди.

Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб ва ҳеч шубҳасиз Трамп билан келишиб, Томас Флинн 13 феврал куни исътефога чиқди. Трамп истеъфони қабул қилди.

Шундан кейин ҳам сариқлик ҳиди келиб турган хабарлар тарқатиш давом эттирилди. Масалан, Вашингтон Пост газетаси Федерал Тергов Бюроси ходимлари Томас Флинн билан суҳбат ўтказгани ва ёлғон гаплар гапирган Томас Флиннга қарши жиноий иш очишни ўйлаётганини билдирди. Федерал Тергов Бюроси бундай суҳбат бўлганини тасдиқлади, аммо иш очиш тўғрисида гап йўқлигини билдирди.

Умумий хулоса шундан иборатки, АҚШ оммавий ахборот воситалари сайловолди кампанияси даврида жиддий ўлчовда сариқлашдилар ва сариқлашиш ҳозир ҳам давом этмоқда. Аммо, Томас Флинн истеъфога кетиши кўрсатмоқдаки, бу сариқ хабарлар ичида тоза жойлари ҳам етарлича бор бўлган.

Демак, демократик давлатларда оммавий ахборот воситаларининг, тўғрироғи, ошкораликнинг кучи борлиги яна бир марта амалда исботланди. Аммо, АҚШда ошкораликнинг Томас Флинн воқеасидаги ғалабаси, агар бу ғалабада сариқлик катта роль ўйнаган бўлса,бундан руҳланган оммавий ахборот воситалари келажакда сариқлашиш йўлида давом этиши ва охир оқибат демократия ютқазиши мумкин. Бунга эҳтиёт бўлиш керак.

Табиий, бу мулоҳазаларнинг Ўзбекистон каби демократиянинг уруғи ҳам бўлмаган диктаторликлардаги мавжуд режимни олқишлашдан бошқа нарсани билмайдиган, яъни сапсариқ оммавий ахборот воситаларига алоқаси йўқ.

Расмда - Бу хабар-мақолачанинг қаҳрамони Томас Флинн ва Россия Президенти бирга.