14 February 2017
18:37 - Туркия фалокат остонасида: “Ҳа” ва “Йўқ”чилар уруши авжига чиқмоқда

Аввалги хабарлармиздан маълумки, Туркияда 16 апрель куни мамлакат конституциясига киритиладиган ўзгартиришлар бўйича умумхалқ референдум ўтказилади. 18 моддалик ўзгартиришларнинг асосийси – шу пайтгача парламентар бўлган Туркияни президентлик республикасига айлантириш, президентни феълан диктаторга айлантириб, унга бош вазир ваколатларини ҳам бериш, парламентни қўғирчоққа айлантириш.

Аслида, бундай ўзгартиришларни ўта даҳшатли деб ҳам бўлмасди. Аммо, гап ўйқусида ҳам Туркияни шариат қонунлари бўйича яшайдиган исломий давлатга айлантиришни ўйлайдиган, қонунларга зид равишда бутун ҳокимиятни қўлига ўтказиб олиб бўлган жорийдаги президент Ражаб Эрдўғоннинг дикторлигини қонунлаштириш ҳақида кетаётгани сабабли, бу референдум тарихий воқеага айланмоқда. Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар учун “Ҳа” деб овоз берадиганлар билан “Йўқ” деб овоз берадиганлар ўртасида уруш бошланди дейиш мумкин.

Маълумки, Туркияда икки йилча аввал биринчи марта умумхалқ сайлови йўли билан президентиликка сайланган Ражаб Эрдўғон 50 фоиздан бироз кўпоқ овоз олган эди. Ҳозир бўладиган референдумда ҳокимиятдаги исломчиларнинг “Адолат ва Тараққиё Партияси” (АТП) ва у билан бу масалада коалицияда бўлган сал кам атеист отатуркчи-миллатчиларнинг “Миллиётчи Ҳаракат Партияси” (МХП) биргаликда рефрендумда ғалаба қозонишларига аниқ ишонмоқдалар ва бу ҳақда ҳар бурчакда ҳайқирмоқдалар. Мухолифатдаги отатуркчиларнинг “Жумҳурият Халқ Партиси” ҳам ғалаба қозонишига ишончини билдирмоқда.

“Жумҳурият” газетасида бугун Gezici номли тадқиқот маркази тарафидан 4-5 февраль кунлари ўтказилган сўровноманинг натижалари эълон қилинди. Уларга кўра, сайловчиларнинг 43,7 фоизи референдумда “Ҳа” деб, 45,7 фоизи “Йўқ” деб овоз бермоқчи. Сайловчиларнинг 10,6 фоизи ҳали бир қарорга келмаган. Демак, шу қарорсизларнинг овози учун кураш бўлади.

Яна бир қизиқ факт. АТП, ЖХП ва МХП тарафдорлари ичида “Ҳа”, “Йўқ” дейдиганлар ва қарорсизларнинг фоизи қуйидагича:

АТП.........82,3........7,8.......9,9
ЖХП.........3,8.......93,1.......3,1
МХП........16,7.......64,4......18,9

Кўриниб турибдики, МХП раҳабарияти бу масалада АТП билан бирга бўлса ҳам, бу партия тарафдорлари ичида референдумда “Йўқ” демоқчи бўлганлар жуда кўп. АТП ичида ҳам бирдамлик йўқ.

Хуллас, бўлаётган жараёнлар аслида жуда мураккаб. Отатурк замонида бери дунёвий давлат бўлган Туркияда исломий давлатчиликни ҳеч қандай шартлар остида қабул қилишга рози бўлмайдиган авлод етишиб чиқди. Уни осонликча енгиб бўлмайди.

Аммо, референдумда исломчилар ғалаба қозонса, улар Туркияни ўрта асрларга қараб судрайдилар ва уни йўқ қиладилар. Унутмайликки, Усмонлик Императорлиги ёки Халифалик деб аталган давлат ўтган асрларда қадамма-қадам Ғарб тарафидан босиб олиниб, ҳозирги Туркия ҳудудлари ҳам Ғарбнинг қўлига ўтиш остонасига келиб бўлганда, Отатурк қоғоздагина қолган Халифаликни бекор қилиб Туркия давлатини сақлаб қолганди. Исломчилар бу Туркияни ҳам йўқ қиладилар.

Қолаверса, унутмайликки, исломчилар сўнги асрларда бор нарсани йўқ қилишдан бошқа биронта ютуққа эришган эмаслар.

Референдумнинг логосига айланаётган расмдаги туркча ““Evet” ва “Hayır” сўзлари ўзбекча “Ҳа” ва “Йўқ” деганидир.