13 February 2017
19:17 - “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари вазиятига доир йиллик ҳисоботини ЕИнинг ваколатхонасида эълон қилди
Бугун Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботнинг тақдимотига Европа Иттифоқи, АҚШ, Германия, Франция, Чехия сингари мамлакатларнинг элчилари, яна бир қатор мамлакатлар дипкорпуслари вакиллари, шунингдек, БМТ, ЕХҲТ сингари халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари келишди.

Ҳисоботни тақдим қилган жамият раҳбари Васила Иноятова ҳамда журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, “Эзгулик” ҳисоботида сўнгги бир йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг айрим жиҳатларида позитив ўзгаришлар мавжуд, яъни фуқаролар мурожаатларига эътибор, давлат ҳокимяти очиқлиги билан боғлиқ вазият бироз ижобий томонга ўзгаргани сезилади. Аммо инсон ҳуқуқлари қийноқлар, диний эркинликлар, сўз эркинлиги ва фуқаролик жамияти вакилларига муносабат шакллари ўзгармай қолмоқда.

Бир неча бўлимдан иборат ҳисобот йиғилганлар тарафидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва ҳуқуқ ҳимоячилари олқишланди.

АҚШ элчиси Памела Спратлен инсон ҳуқуқлари масаласини устивор билган АҚШ ҳукумати “Эзгулик”ни қўллаб-қувватлаб, унинг фаолиятини доимий кузатиб келаётгани, йиллик ҳисоботлар тақдимоти шу пайтга қадар АҚШ элчихонасида ўтказиб келинганини айтди. Шунингдек, вазиятга баҳо бера туриб, элчи хоним Ўзбекистон ўзи тан олган халқаро нормативлар тугул миллий қонунчиликка ҳам тўлиқ риоя этмаётгани, аммо ўзбек-америка муносабатлари, сиёсий маслаҳатлашувларда муаммолар мамлакатда мавжудлиги, уни ҳал қилиш лозимлиги тан олаётганини айтди.

Германиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссингга кўра, “Эзгулик” кўтарган муаммолар мамлакатдаги мавжуд вазиятни айсбергнинг бир учидек акс эттиради. Аммо ҳуқуқ фаолларининг жасорати туфайли вужудга келаётган бундай ҳисобот интернетдаги ваҳимали гап-сўзларнинг амалий исботидир.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс “Эзгулик” фаолиятини олқишлаб, манфаатдор ташкилотларнинг ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган бу ташкилотга таяниши мумкинлигини эътироф этди.

Бу тақдимот пайтида олинган расм, минг афсуски, техник сабаблар туфайли сифатли чиқмади. Бу нарса “Эзгулик” жамияти қилаётган буюк ишларга соя сололмаслигига ишончимиз комил. Чунки, бу жамиятнинг ҳисоботлари йиллардан бери АҚШ элчихонасида тақдим этиларди.. Мана энди ЕИнинг элчихонаси десак ҳам бўладиган ваколатхонасида тақдим этилди. Бу каби воқеалар дунёда ҳам камдан-кам бўлади. Аммо, ўзбекларнинг ўзи бундай ишларнинг қадрига етмаслиги ачинарли ҳолдир.