10 February 2017
20:17 - Коммунистлар анъанаси давом этмоқда: Президент Шавкат Мирзиё Сурхондарёга сафар қилди
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё Сурхондарё вилоятига сафар қилди. ЎзА хабарига кўра, Шавкат Мирзиё Сурхондарёга ташрифи давомида ўзининг сайловолди дастурида вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича белгиланган режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ўзбекистон ТВларида кўрсатилган лавҳаларига кўра, президент вилоятга сафари чоғида Термиз туманидаги “Gold Agro Fresh” агрофирмаси фаолияти, Жарқўрғон туманидаги қурилиши режалаштирилаётган “Фабулло строй сервис” ширкати, Қизириқ ва Музработ туманларида қурилиши бошланган иншоотлар билан танишди.

Шавкат Мирзиё кутилмаганда оддий одамларнинг хонадонларига ҳам кириб, уларнинг ҳол-аҳволини, муаммоларини сўради. Шунингдек, “Шеробод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида ингичка толали пахта хомашёсини қайта ишлаш корхонаси, зараркунандаларга қарши курашишга қаратилган ишланмалар, лимон ва писта етиштиришга ихтисослашган плантациялар лойиҳалари билан танишди.

Совет замонида юксак лавозимга ўтирган раҳбарлар гўёки халқ ва мамлакатнинг ичига тушиб, гўё аввал кўрмагандек, аҳвол билан гўёки танишардилар. Аммо, ҳеч нарса гўёки эмас, амалда ўзгармасди, аҳволнинг ёмонлашиши давом этаверарди. Наҳотки, Шакат Мирзиё ўша анъана масхарабозлик эканлигини билмасди ва билмайди?