09 February 2017
20:15 - МХХчилар икки товламачи миршабни қўлга туширди
Миллий Хавфсизлик Хизматининг Самарқанд вилояти бошқармаси тезкор ходимлари товламачилик билан шуғулланиб келган икки нафар миршабни қўлга олди. Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Ургут тумани ИИБ ходимлари Б.Султонов ва А.Ғаппоров ургутлик киракашларни қўрқитиш йўли билан, улапрдан 2 минг АҚШ доллари талаб қилишган.

МХХ тарафидан маҳаллий матбуотга сиздирилган хабарда айтилишича, пул ундириш қуйидагича амалга оширилган - милиция ходимларининг топшириғига кўра "уларнинг" одами ҳайдовчи автомобили салонига марихуана гиёҳвандлик моддасини ташлаб қўйган. Шундан сўнг ИИБ ходимлари ишга киришишган ва қурбонни жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди билан ундан пул олишган.

"МХХ ходимлари вилоят прокуратураси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган махсус тадбир натижасида номлари тилга олинган ИИБ ходимлари ҳайдовчидан талаб қилинган пулнинг 400 долларини олаётганларида ушландилар", - дебди матбуотга МХХ вакили. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий қонунчиликнинг товламачилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.