04 February 2017
09:30 - Истанбулда 39 кишини ўлдирган қўқонлик террористининг хотини ҳам ИШИДчи экан

Янги йил кечаси Истанбулдаги кўнгилочар тунги клубда 39 кишини ўлдирган қўқонлик террорист Абдуқодир Машарпов билан алоқаси борликда ва ўша кунги терактни тайёрлашда иштирок этганликда айбланаётган 11 киши қўлга олингани, уларнинг биттаси террористнинг хотини эканлиги аввал хабар қилинган эди. Туркияда чиқадиган “Ҳурриёт” газетасининг кечаги хабарида айтилишича, тергов ишлари олиб борган шаҳар прокуратураси бу 11 кишини ҳибсга олиш талаби билан уларнинг ишини судга юборибди.

Тергов пайтида Абдуқодир Машарповнинг хотини Зарина Нуриллаева ҳам ИШИДчи эканлиги, у ўз эрининг Истанбулда теракт уюштиришидан хабардор бўлгани ўртага чиқибди. Зарина Нуриллаева ўз кўрсатмаларида яна кўп нарсларни билдирибди. ИШИДчилар Зарина ва Абдуқодирнинг икки фарзандини хавфсиз жойда сақлаш учун терактдан бир кун аввал олиб кетишгани, кейин бир яшар қизини ўзига қайтаришгани, аммо 4 ёшли ўғли Эронга олиб кетилгани ҳақида гаплар борлигини, терактдан кейин эса ИШИДчилар Заринани турли жойларда яшириб юришганини айтибди.

Хуллас, энди Абдуқодир Машарипов ҳам, унинг хотини ҳам, уларнинг сафдоши бўлган яна бир ўзбек ҳам, яна 8 нафар ИШИДчи ҳам қўлга олинган. Тахмин қилиш қийин эмаски, судья уларни ҳибсга олиш қарори чиқаради, терговлар давом этаверади.

Туркияда ҳозир ўлим жазоси йўқ, аммо Ражаб Эрдўғон уни тиклаш ниятида. Демак, Абдуқодир Машарпов ва унинг сафдошларини ёки умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси кутмоқда.