18 January 2017
18:43 - Жаҳон матбуоти, ўзбек террористи Абдуқодир Машарипов масаласида Туркия матбуоти ҳам, сариқлашмоқда

Матубот деганда аввал қоғозда чиқадиган нашрлар назарда тутиларди. Замон ўзгармоқда, тушунчалар ўзгармоқда ёки кенгаймоқда. Ҳозир матбуот – ҳар қандай оммавий ахборот воситасидир, газета ҳам, журнал ҳам, Интернет нашрлар ҳам, радио ва ТВлар ҳам. Сариқ матбуот деб, бирон сабаб билан машҳур бўлиб кетганлар ҳақида олди-қочди, аммо ҳаммага қизиқ бўлиб кўринган сенсацион хабар тарқатувчи нашрлар айтилади.

Шу маънода бутун жаҳон матбуотида сўнги йилларда сариқлик аломатлари кўпайиб бораётганини ҳамма ҳам кўрмаётган ва тушунмаётган бўлиши мумкин. Аммо, ҳақиқат айнан шундай. Фақат “Ҳаракат” Агентлиги бундай касаликка дучор бўлгани йўқ.

Қаранг, охирги йилда Доналд Трамп ҳақида ёки уни президентлик пойгасида ғолиб чиқиши билан боғлиқ хабарлар тарқатишда жиддийлиги билан танилган ахборот воситалари ҳам сариққа айландилар. Бу хусусда ҳозир ҳам ҳар куни ўнлаб хабарлар тарқалмоқда. Аммо, улар сариқ бўлгани сабабли, биз уларни тилга ҳам олмаяпмиз.

Туркия матбуотида аввалари ҳам сариқлик Ғарбга нисбатан кўп эди. Уларни ҳам тилга олмаганмиз. Аммо, Истанбулда янги йил кечаси Reina номли кўнгилочар тунги клубда 39 кишини ўлдирган террорист ўзбек эканлиги маълум бўлганидан кейин сариқлик даражаси мисли кўрилмаган даражага чиққанига кўз юмолмадик.

Қаранг, аввал террорист Қирғизистон фуқароси эканлиги айтилди, кейин у ўзбек бўлиб чиқди. Унинг хотини ва 1 ҳамда 4 ёшли ўғиллари Туркиянинг Коня шаҳрида яшаётганлари, террорист бу уйидан Истанбулга янги йил арафасида кетгани хабар қилинди. Бу оила ҳибсга олинди дея олмаймиз, аммо улар хавфсизлик кучлари тарафдан назорат остига олинганининг ўзи ҳибсга олиш эканлиги ўз-ўзидан маълум. Нима, унинг хотини эри тўғрисида маълумот бермадимику, унинг ўзбек эканлиги дарҳол эълон қилинмади.

Хуллас, сафсатабоз, тўғрироғи сариқ хабарлар тарқатиш давом этмоқда.

Бугунги хабарларда айтилишича, ўша Абдуқодир Машарипов исмли террорист ўзбек, аммо тожикстонлик эмиш. У янги йил кечаси 39 кишини ўлдирганини тан олиш билан бир қаторда, ИШИДчи эканлигини ҳам тан олибди ва қуйидаги маълумотларни берибди.

Нимамиш, у Истанбулга ўлимчи-террорист сифатида юборилганмиш, аммо ИШИД ўз вақтида унга белига боғлаши ва ўзини-ўзи портлатиши учун бомбача юборолмагани сабабли бошқача теракт қилиш топшириғи олганмиш. У аввал Истанбул марказидаги Тақсим майдонида террористик ҳужум уюштириш ҳақида топшириқ олибди, аммо, у майдон хавфсизлик кучлари тарафидан қаттиқ назорат остига олинганини ўз кўзи билан кўргач, ўша атрофдаги Reina тунги клубига кўзи тушиб, Зайтунбурнидаги ўзи тўхтаган уйдан автомат олиб келиб, ўша клубда қирғин қилибди. У ушланаётганда уйидан чиққан 197 минг доллар пул унинг қочишида ишлатиш учун ИШИД тарафидан берилганмиш.

Сариқ матбуот бу каби хабарларни қаердан олмоқда? Расмийлар Абдуқодир Машариповниннг қўлга олиниши ҳақида баёнот берганларидан кейин бўлган сўнги воқелар ҳақида ҳеч қандай расмий хабар тарқатганлари йўқ-ку.

Ҳа, дарвоқе, Тошкентда номи айтилмаётган Университетнинг физика-математика бўлимини битирган Абдуқодир Машарипов ҳозир Истанбудаги полиция ёки хавфсизлик хизматининг изоляторида якка ўзи бир хонада сақланаётган эмиш. Аслида, буни тахмин қилиш мумкин, чунки, шундай хавфли одамни бошқалар билан бирга ушлаб турмаслик кераклигини ҳамма тушунади. Демак, матбуот органлари “тахмин қиламизки, у якка ўзи бир хонада сақланмоқда” деб хабар тарқатсалар, бу хабар сариқликдан узоқ бўлишидан ташқари, ишончлироқ бўларди.

Ҳа, яна бир дарвоқе. Абдуқодир Машариповнинг ўзбеклиги маълум бўлгач, ИШИД ичида ўзбек бўлими катталигини тушунган Туркия хавфсизли хизмати бутун мамлакат бўйлаб махсус операциялар ўтказиб, ўнлаб ўзбекларни ҳибсга олганмиш. Қизиқ, Ўзбекистон расмийлари бунга нима дейди?

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат 2015 йилнинг январь ойида АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида ислом терроризмини маркази яқинда Туркия ва Марказий Осиё бўлишини башорат қилгани ҳақида “Ҳаракат” хабар тарқатган эди. Ўзбекистон расмийлари шунга тайёрланишни бошладиларми? Ёки улар “Ҳаракат”ни ҳам сариқ матбуот деб ҳисоблайдиларми?