13 January 2017
18:26 - Ўзбекистонда бу йил иқтисоднинг ўсиши 7,4 фоизни ташкил этармиш, аммо аҳволимиз ғариблигича қолаверади

Бу ҳақдаги маълумотлар Жаҳон Банкининг прогнозларида келтирилган. Халқаро молия институтига кўра, Ўзбекистонда 2017 йили Ялпи Ички Маҳсулот ўсиши 7,4 фоизни ташкил этади. Банк экспертлари тахминича, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 2018 ва 2019 йилларда ҳам 7,4 фоиз даражасида қолади.

Жаҳон Банки маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,3 фоизга ошган. Сайтимизда Ўзбекистоннинг расмий манбаларига таяниб, унинг ЯИМ миқдори 60 миллардан доллардан бироз ошгани ҳақида ёзгандик. Солиштириш учун аҳолиси биздан сал кам 2 баравар кам бўлган қўшни Қозоғистонга қарайлик.

Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари туфайли нефтнинг нарха тушди ва Қозоғистонда ЯИМ бироз чўкди, аммо ҳали ҳам 220 млрд доллар атрофида. Бу кетишда ривожланган Ғарб давлатларини қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистонга ҳам ҳеч қачон етиб ололмаймиз. Демак, ўзбек профессорлари ўз маошлари қозоқ дворниклари даражасига чиқишини кутиб ўтирмасдан, ўша ерга бориб дворниклик қилганлари яхшимасми?

Бундай аҳмоқона саволлар тег-туги билан йўқ бўлишини истасак, Ўзбекистонда “Бирлик” айтаётгандек фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, ҳақиқий бозор иқтисодига ўтиш, тўқимачилик саноатини кескин ривожлантириш, бойлар/инвесторлар синфи яратиш йўлида ҳукуматнинг ўзи яратган тўсиқларни олиб ташлаш ва бошқа бир қатор жиддий ишлар қилиш лозим.