08 December 2016
02:47 - Шавкат Мирзиё 2017 йилни “Халқ билан мулоқот йили” деб эълон қилди, Ислом Карим замонида каби бу йил ҳам қоғозда қолиб кетаверадими?
Бугун “Ўзбекистон” Форумлар Саройида мамлакатимиз конституциясининг 24 йиллик тантаналари муносабати билан ўтказилган тадбирда мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиё иштирок этиб, нутқ сўзлади. Ислом Карим сиёсатининг давомчиси сифатида йилларни номлаш анъанасига содиқ қолди: келгуси йилни “Халқ билан мулоқот йили” деб номлашни тавсия қилди.

Шунингдек, марҳум Ислом Карим тириклигида давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган шахсларга мукофтларни топширди.

Ислом Карим ҳар йили келаётган йилга ўзича ном берарди ва бу ном қоғозда қолиб кетаверарди. Шавкат Мирзиёнинг “Халқ билан мулоқот йили” ҳам шундай бўлади, дейди мухбиримиз. Аммо, янги президент ўзбекларнинг ҳаётига бирон янгилик киритмоқчи бўлса, халқ билан мулоқотни унинг жарчиси бўлган, ростакам халқ ҳаракати бўлган “Бирлик” воситасидагина қилиш мумкинлигини тушуниши керак. Агарда, у буни тушунмаса, ҳамма нарса “эски ҳаммом, эски тосдир”.