20 October 2016
19:18 - Нурсултон Назарбой арабларнинг телеканалига интервью берибди, араблар Ўзбекистон билан қизиқадиларми?
Қозоғистон Президенти шамолашдан даволанаётгани ва шу сабабли 14 октябрда Ераванда бўладиган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг саммитида қатнашолмаслиги 11 октябрда эълон қилинган эди, аммо, у тузалгани ва фаолиятини давом эттираётгани ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмади. Қозоқларнинг расмий ахборот агентлиги Казинформ аввалари ўзининг Интернетдаги саҳифасида Нурсултон Назарбой билан боғлиқ даста-даста хабарларни соатлаб, баъзида кунлаб саҳифанинг бошида ушлаб турарди. Ҳозир бу анъана йўқ бўлди, шекилли, Президент билан боғлиқ хабарлар аввалгидек ажралиб турмаяпти. Айнан шу сабабдан, Нурсултон Назарбойнинг номи бир неча кундан бери хабарларда пайдо бўлаётганини сезмай ҳам қолибмиз.

Казинформ агентлигининг хабаридан маълум бўлишича, Нурсултон Назарбой бугун Араб дунёсида машҳур бўлган CNBC Arabia телеканалига интервью берибди. Хабарга кўра, у Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида раислик қилиши, ядровий хавфсизлик масалаларида Қозоғистоннинг иштироки, ўз мамлакатидаги ижтимоий-иқтисодий вазият бўйича берилган саволларга жавоб берган, Суриядаги кризисдан чиқиш масаласи бўйича ўз фикрларини изҳор қилган.

Қизиқ, араблар Ўзбекистон билан ҳам қизиқадиларми, уларнинг хабарчилари Ўзбекистон Президентидан билан ҳам суҳбат ўтказармиканлар? Ислом Карим жойини топиб кетиб бўлди, умрида биронта жойда интервью бермаган Шавкат Мирзиё ўзини дунёга танитолармикан?