16 October 2016
02:15 - Нурсултон Назарбой касалхонада, хабарларнинг бошида унинг қизи Дарига
Қозоғистон расмийлари Президент Нурсултон Назарбой касалхонада шамоллашдан даволанаётганини 11 октябрда эълон қилган эдилар. Шу сабабли, у 14 октябрь куни Ереванда ўтказилган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг саммитига ҳам боролмади.

Ўшанадан бери Нурсултон Назарбойнинг аҳволи ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ. Аммо, кеча қозоқ ахборот воситаларининг хабарлари бошида унинг қизи Дарига пайдо бўлгани қизиқдир.

Хабарларда айтилишича, ҳозир Сенатнинг Ташқи ишлар, Мудофаа ва Хавфсизлик Қўмитасининг раиси бўлган Дарига Назарбой бу Қўмитанинг бир қатор аъзолари билан биргаликда Олмота вилоятига ишчи ташриф билан келиб, бу вилоятда сел босишига қарши қандай ишлар қилинаётгани билан танишибди. Олмотада селга қарши кураш билан Сенатнинг Ташқи ишлар, Мудофаа ва Хавфсизлик Қўмитаси аъзолари шуғулланаётганини қўйиб туринг, бу воқеа Қозоғистондаги хабарларнинг бошида тургани ҳам шубҳалидир.

2015 йил сентябридан бу йилнинг сентябригача Бош вазир ўринбосари вазифасини ҳам бажариб келган Дарига Назарбой келажакда ўз отасининг ўрнини эгаллаши ҳақида турли гап-сўзлар кўп бўлган эди. Дарига Назарбойнинг Олмотага сафари хабарларнинг бошига чиққани бу гап-сўзларни тасдиқлаш йўналишида бўлаётганига эътибор бермаслик мумкин эмас.