27 September 2016
18:41 - Москвада ўз қаровидаги 4 яшар қизчани ўлдирган ўзбекистонлик энага Бобоқулова устидан тергов ишлари битди

Ўрис ахборот воситалари шу йил февралида Москвада 4 яшар ногирон қизчани ўлдирган ва ўшанда бери ҳибсда бўлган ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқуловага қарши очилган жиноят иши бўйича айблов хулосаси тайёр бўлганини хабар қилдилар. Бобоқуловнинг адвокати Анастасия Жилкинанинг айтишича, у айблов хулосаси билан танишиб чиққан ва бу расмий ҳужжат прокуратурага юборилган. Прокуратура кейин ишни судга юборади.
Аввалги хабарларимиздан маълумки, ўтказилган психиатрик экспертиза Бобоқуловани руҳан носоғлом деб топган эди. Демак, суд шуни ҳам ҳисобга олиб, унга жазо тайинлайди.

Бу воқеа бўйича шу йил 3 мартдаги хабаримизнинг қуйидаги қисмини эслатишдан фойда бор:

* * *

Бу қотил боқимчи-аёл (уни энага деб аташ, энагалик тушунчаси устидан ҳақорат бўларди) нимага бундай қилгани ҳақидаги саволга, мақсади Сурияда мусулмонларни бомбалаётган Россиядан қасд олиш эканлигини айтибди. Мана унинг сўзлари: “Ким қон тўкмоқда? Путин учоқлардан бомбаламоқда. Нимага мусулмонларни? Нимага бомбалаяпсиз? Нимага ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди? Улар ҳам (сурияликларни назарда тутаётган бўлса керак – “Ҳаракат”) яшашни истайдилар.”

Ҳозир маълум бўлишича, кеча Гулчеҳра Бобоқулова ўзини ҳибсга олиш қарори чиқараётган суддаёқ, бу қотиллик учун аввалдан тайёрлаганини эътироф қилган ва у қизалоқнинг ота-онасидан кечирим сўрайсизми деган саволга “Йўқ, фақат Оллоҳдан кечирим сўрашим мумкин” деб жавоб берган экан.

Ҳа, ҳамма нарса “Ҳаракат” аввалдан башорат қилгандек бўлмоқда. Кўринишидан, Гулчеҳра Бобоқулова оддий ислом фанатиги, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида айтганидек, ислом фанатиклиги билан ислом экстремизми ва терроризми ораси – бир қарич эмас, ярим қаричдир. Бу касалликдир!

* * *

Хабаримиздаги бу фикрлар қанчалик тўғри эканлигини, Гулчеҳра Бобоқулованинг руҳий касаллиги унинг ислом фанатиклигига қанчалик боғликлигини суд жараёни кўрсатса керак.