27 September 2016
08:26 - Шавкат Мирзиё ўрисларнинг “ЛУКОЙЛ” ширкати бошлиғига таъзим қилиш учун Бухорога борибди. Унинг бошқа иши йўқми?

Россиянинг давлат қўлидаги энг кучли ширкатларидан бири бўлган “ЛУКОЙЛ”нинг президенти Вагит Алекперов ўткан шанба куни Бухорога келди. Маълумки, Бухоро вилоятида “ЛУКОЙЛ” ширкати Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг ENTER Engineering компаниялари иштирокида Қандим Газни Қайта Ишлаш Заводи қурмоқда. Бу заводни қуриш учун 2,6 млрд доллар ишлатилиши режалаштирилган. Ўзбекистоннинг бир йиллик Давлат Бюджети бор-йўғи 11 миллиард доллар атрофида эканлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистоннинг бу лойиҳада ҳеч қандай роли ҳам йўқлигини тушунамиз. Ўзбекистон ўз газини сал кам текинга Россияга сотишга маҳкум.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиё дарҳол Вагит Алекперовга таъзим қилиш учун Бухорога югуриб борганини ва унинг оёғини ўпганини тушуниш мумкин.

Шавкат Мирзиё вақтдан фойдаланиб Навоий вилоятига ҳам ўтибди ва поливинилхлорид, каустик сода ва метанол, шунингдек, аммиак ва карбамид ишлаб чиқарувчи мажмуа қурилиши билан ҳамда ободонлаштириш бўйича олиб борилган ишлар билан танишибди.

Бу ҳам етмабди, шекилли, Шавкат Мирзиё куннинг иккинчи яримида Тошкентга қайтиб келиб, Сергели туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг бориши билан ҳам яқиндан танишибди.

Қани энди бу Шавкат Мирзиёга қандайдир заводларнинг қурилиши билан, кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш билан шуғулланиш президентнинг иши эмаслигини, унинг вазифаси киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича ҳатто қўшниларимиз Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқада қолган, иқтисоди ўлаётган Ўзбекистонда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш эканлигини тушунтиролса.

Бундан ҳам муҳими, қани энди, ўзбеклар ўз президентларидан миллат ва давлат муаммолари билан шуғулланишни талаб қилолсалар эди. “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат”нинг мақсади - ўзбекларни шунга мажбур қилишдир.

Расмга қаранг. Вагит Алекперов Шавкат Мирзиёга қўлини ҳам чўзмаяпти, унинг чўзилган қўлини ушлаяпти холос.