22 September 2016
18:08 - Ташқи ишлар вазиримиз АҚШнинг диний эркинликлар соҳасида махсус топшириқлар бўйича элчиси билан учрашибди. Улар Абдураҳим Пўлатнинг номини тилга олдиларми?

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил кеча Нью-Йоркда АҚШнинг диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Дэвид Саперштейн билан учрашгани бугун вазирлик тарафидан эълон қилинди. Тўрт қаторлик хабарда айтилишича, тарафлар диний эркинликлар соҳасида ҳамкорлик бўйича фикр алмашибдилар, конструктив ва ўзаро ҳамкорлик руҳида мулоқатларни давом эттириш хусусида келишибдилар.

Хабарнинг масхарабозлик руҳи қуйидагилардан келиб чиқади.

Ҳақиқат шундан иборатки, Ўзбекистонда дин эркинлиги Совет замонида ўта чекланган эди, ҳозир чекловлар бироз камайтирилган бўлса ҳам, ҳақиқий дин эркинлиги йўқ. Ислом динининг ҳозир қабул қилинган тушунчаларига кўра, мусулмонлар шариат қонунлари билан яшаши керак, аёллар ҳижобга ўралиши шарт, эркаклар 3 хотинли бўлиш ҳаққига эга, эркак хотинидан талоқ қилиш йўли билан ажралолади, аммо хотин эридан ажралиш ҳаққига эга эмас, майдароқ ўғриларнинг қўли кесилиши, каттароқ жиноят қилганлар тошбўрон қилиб ўлдирилиши керак ва ҳоказолар. Ва энг муҳими, давлат исломий бўлиши керак.

Хўш, Абдулазиз Комил ва Дэвид Саперштейн шу масалалар бўйича нима қилиш кераклигини гаплашишдими? Ўзбекистонни исломий давлатга айлантириш масаласини муҳокама қилишдими?

Гаплашишган ва муҳокама қилишган бўлса, нимага бу ҳақда хабарларда айтилмайди? Ёки улар дин эркинлиги масаласини яширинча ҳал қилишмоқчими? У ҳолда фақат хабар эмас, учрашув ҳам масхарабозлик бўлмаганми? Чунки, 32 миллионлик аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган Ўзбекистондек давлатда дин эркинлиги масаласини мусулмонлардан бекитиб муҳокама қилиш ҳақиқий масхарабозлик бўлмаса, масхарабозлик нима ўзи?

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат АҚШ Президенти Барак Обамага, Давлат Котиби Жон Керрига ҳамда унинг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблюмга ёзган хатларида Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча АҚШда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, бошқа давлатларда ҳам Исломга нисбатан дин эркинлиги, демак, тўла қонли демократия ҳам бўлолмаслигини исботлаб берган. Дэвид Саперштейн буни билмаслиги мумкин эмас.

Шундан экан, учрашувда Абдураҳим Пўлатнинг таклифлари муҳокама қилиндими? Ҳеч шубҳа йўқки, айнан шундай бўлган, бошқа нимани муҳокама қилиш мумкин. Аммо, Абдураҳим Пўлатнинг исми тилга олингани ёки олинмагани унчалик муҳим эмас.