21 September 2016
21:30 - Ислом Карим инидан чиқмасди, чиқаётган Шавкат Мирзиё нима қилмоқда ва нималар қилмоқчи?

Ўзбекларнинг елкасига Лубянка томонида ўтқазилган, унинг топшириғи билан Ўзбекистоннинг давлат сифатини, ўзбекларнинг миллат сифатини йўқотишга эришган ҳаромий президент Ислом Карим, айниқса охирги йўлларда, ўлим арафасида бўлгани учунлиги табиий, Оқсарой ва Кўксарой номли инларидан чиқмасди. У чет элларга ортиқча сафар ҳам қилмаган, шу туфайли дунё Ўзбекистон борлигини ҳам унутабошлаб, Марказий Осиё деганда Қозоғистонни тушунадиган ҳолга келганди.

Ислом Карим Ўзбекистоннинг турли минтақаларини ҳам етарлича айланмаганди. Сўнги йилларда у Ўзбекистоннинг ва Ўзбекистон аҳолисининг иқтисодий аҳволидан хабардор бўлганини кўрсатувчи фактлар йўқ.

Бундай фактларни “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги очиқлаб келди. Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг ривожланган мамлакатларини қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқада эканлигимиз, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам улардан шунча орқада эканлигимиз, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олиши каби фактларни айнан “Ҳаракат” айтиб келарди.

Сўни йилларда Шавкат Мирзиё Бош вазир бўлиб келганини ҳисобга олсак, аҳволимизнинг шундай ғариблигида унинг роли катта бўлгани ҳам ўз-ўзидан маълум.

Мана энди Ислом Каримнинг курсисини Шавкат Мирзиё эгаллади. У курсини эгаллаган кунлари Бишкекда МДҲ саммити бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиё ўша ерга бориши ва Ўзбекистоннинг энг камида Марказий Осиёдаги ролини тиклаш учун нималар қилишни ўйлаётгани ҳақида сигналлар бериши керак эди. Аммо, бормади.

Мана шу кунларда БМТнинг навбатдаги Бош Ассамблеясин иш бошлади. Шавкат Мирзиё ўша ерга бориши ва Ўзбекистоннинг дунёда борлигини кўрсатиш учун нималар қилишни ўйлаётгани ҳақида сигналлар бериши керак эди. Аммо, буни ҳам қилмади.

Агарда у Бишкек ва Нью-Йоркда нутқлар сўзлаб, президент сифатида нималар қилишни ўйлаётганини намойиш қилса эди, уни президентликка номзодлигини баҳолаш имкони бўларди.

Мана энди қаранг, кеча у Тошкентни бироз кезибди, кейин ҳатто Ангренга борибди. Совет замонида етарлича кенгайиб бораётган, аммо мустақилликдан кейин тўхтаб қолган метро тизимини ривожлантириш нияти борлигини кўрсатибди. Аммо, бу арзимаган нарса. У Ўзбекистоннинг умумий иқтисодий аҳволини тузатиш учун қилинадиган стратегик режалар ҳақида ип учлари беришга бошлаши керак эди. Бермаяпти.

Бунинг тушуниш ҳам мумкин. Чунки, иқтисодимизнинг ачинарли аҳволи гапириладиган бўлса, Шавкат Мирзиё авваломбор ўзининг Бош вазир сифатида қилган хатоларини тан олиши керак бўларди. Ҳозирги аҳволимизга баҳо бермасдан, олға кетиб бўладими? Йўқ кетиб бўлмайди. Демак, Шавкат Мирзиё ўзини 27 йил отасидек тарбиялаган Ислом Каримнинг йўлини давом эттирмоқчими? У шундай қилишга маҳкумми? Бундай қилиш - Лубянканинг хизматкори бўлиб қолаверишку!

Унда келажагимиз нима бўлади?