20 September 2016
07:43 - Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар: АҚШ Сурия масаласида Россия билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқмоқчи
“Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг шиори “Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар” эканлигини кўп марта такрорладик. Бу шиоримизни тўғри тушуниш учун, замонавий хабарчиликда бирон воқеани ёритиш жараёнида, уни таҳлил қилиш кўпинча воқеанинг ўзидан ҳам муҳим бўлиб қолаётганини билиш керак. Суриядаги муаммолар бўйича АҚШ-Россия ҳамкорлигига оид ҳабарлар ва уларнинг таҳлили мисолида ўз шиоримиз тўғри эканлигини яна бир марта намойиш қилмоқчимиз.

Маълумки, 10-чи сентябрда АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Сергей Лавров Женевада навбатдаги учрашувдан кейин ниҳоят Сурия масаласида келишганлари ҳақидаги хабарларга биз шундай таҳлил берган эдик:

“Сурия масаласида бу икки мамлакатнинг мақсадлари бутунлай бошқача. Россиянинг мақсади - ўзининг Яқин Шарқдаги ягона иттифиқчиси бўлиб қолган Суриядаги мусулмонларнинг шиаларга яқин алевитлар оқими қўлидаги режимни, яъни Башар Асад режимини сақлаб қолиш. АҚШнинг мақсади – бунинг тескариси - Башар Асад режимини йиқитиш. Бу масалада келишиб бўлмайди, ҳамма нарсани куч ҳал қилади.”

Қаранг, ҳамма нарса биз айтгандек бўлди ва бўлмоқда.

Бор-йўғи 1 ҳафта ўтар-ўтмас, келишув барбод бўлди. 17 сентябрь куни АҚШ раҳбарлигидаги коалициянинг ҳарбий ҳаво кучлари, табиий, у ерда асосий куч америкаликларники, Дейр-эз-Зором шаҳри яқинида Сурия армиясининг позицияларини бомбардимон қилиб, тахминан 60 суриялик аскарни ўлдирдилар, бундан фойдаланган ИШИД жангарилари ҳужумга ўтиб, ўша ерларни босиб олдилар. Тўғри, коалиция ҳаво ҳужумларини тўхтатгач, Сурия қўшинлари ИШИД қўлига ўтган ерларни қайтариб олдилар. Аммо, бундан ғазабга келган Россия АҚШни ИШИД билан сал кам дўстликда айблашдан ўзини тўхтатолмади.

Кеча эса, БМТнинг Алеппо шаҳри атрофидаги сурияликларга гуманитар ёрдам олиб кетаётган 31 юк автомобилидан иборат карвон ўққа тутилди. Ўққа тутишда Россияни айблаган АҚШ Давлат Департаментининг расмийси Жон Кирби шундай деди: “Қўшма Штатлар бу масалани Россия билан музокаралар пайтида албатта кўтарадилар. Оташкес келишуви қўпол равишда бузилганини инобатга олиб, биз Россия билан ҳамкорликнинг келажагини қайта кўриб чиқамиз”.

Яъни, кўриниб турибдики, “Ҳаракат” аввалдан башорат қилганидек, Сурия масаласида АҚШ ва Россиянинг мақсадлари бутунлай қарама-қарши бўлгани сабабли, ҳеч қанда келишув бўлолмайди.

Нима ҳам дердик, ҳақиқий хабар”Ҳаракат”да ўқилар.