28 August 2016
07:32 - Шармандалик руҳидаги хабар: Бухорогача борадиган тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилибди
“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, 25 августда Афросиёб тезюрар поезди биринчи марта Тошкентдан Бухорога бориб келибди. Аввал пойтахтдан Бухорогача 7-8 соат юриларди, энди 3 соату 20 дақиқада етарли.

21 асрда бундай воқеалар сенсация эмас, одамларга маълумот бериш учун керакли бўлган оддий хабардир. Аммо, Тошкент-Бухоро поездининг иш бошлаши ҳақидаги хабарнинг ростдан ҳам шармандали тарафи борлигига кўз юмиб бўлмайди.

Қаранг, мавжуд режимнинг қўғирчоқ ахборот воситаларидан биронтаси бундай поезд йўлларининг Ўзбекистонда ривожланиб бораётганида президентимиз, отахонимиз, режимбошимиз Ислом Каримнинг, тўғрироғи, ўрисча исмли Ислом Каримовнинг роли буюклигини тилга ҳам олмаган. Уларнинг ҳаммаси жазоланиши керак.

Наҳотки, Ўзбекистоннинг аҳмоқ журналистлари тушунмайдики, Ислом Каримов бўлмаса, Ўзбекистон мустақил давлат бўлолмасди, “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг мустақиллик талаби билан ўтказилган митинглари оддий масхарабозлик эди, Ислом Каримов бўлмаса, Ўзбекистонда компютерлар ва ҳатто Интернет бўлмасди, тезюрар поездларни Испанияда сотиб олишга ҳеч ким журъат этолмасди.

Шундай экан, Афросиёб тезюрар поезди биринчи марта Тошкентдан Бухорога бориб келгани ҳақидаги хабарлар “Яшасин Ислом Каримов!” шиори остида берилиши керак эди.

Табиий, “Йўқолсин Ислом Карим!” каби шиорлларни кўтариш эса, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг вазифаси, қолаверса, ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлати олдидаги бурчидир.