26 August 2016
19:41 - Ўзбекистонда икки металлургия комбинати бирлаштирилади, улар қачон хусусийлаштирилади? Ўзбек халқининг кўзи қачон очилади?
Мамлакатимиздаги металлургия саноатининг икки ишлаб чиқариш корхонаси - Чирчиқдаги Ўзбек зич қотишмали ва иссиққа чидамли металлар ишлаб чиқариш бирлашмаси Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатига қўшилмоқда. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, мазкур бирлашув масалалари бўйича ҳукуматдан топшириқ бўлган, акциядорларнинг ҳукумат истагини қонунлаштирувчи йиғини байрамдан сўнг ўтказилади.

Олмалиқ ТМК ширкати турдош корхоналар орасида ишлаб чиқариш қувватига кўра, республиканинг йирик монополист бирлашмаларидан бири ҳисобланади. 28 мингдан ортиқ ходим фаолият юритадиган комбинатнинг Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришдаги улуши 2015-йилда 2,7 фоиздан ошган, унинг республика умумий экспортидаги ҳиссаси 1,8 фоизни ташкил этади.

Хабарларда мазкур бирлашув масалалари бўйича ҳукуматдан топшириқ бўлгани айтилиши масхарабозликдан бошқа нарса эмас, дейди мухбиримиз. Чунки, бу иккала корхона ҳам давлатнинг мулкидир, давлат уларнинг эгасидир. Демак юқорининг буйруғи ёки рухсатисиз улар ҳеч нарса қилолмайдилар. Бу нарса – социалистик тузумдан бизга қолган энг ёмон мерослардан биридир.

Аммо, социалистик иқтисоддан бошқа нарсани билмайдиган Ислом Карим ва унинг тақими бу корхоналарнинг самрадорлигини фақат ва фақат уларни хусусийлаштириш, бутун иқтисодиётни бозор иқтисодиётига ўтказиш йўли билангина ошириш мумкинлигини тушунишмайди. Шундай экан, миллионлаб ўзбеклар бир бурда нон учун чет элларда қуллардек мардикорчилик қилиб яшашга маҳкумлар.

Қуллар кўзини очиб, бу тузумни ўзгартириш кераклигини тушунмас экан, Ўзбекистон ҳозирги ғариб аҳволдан чиқолмайди. “Ҳаракат”нинг мақсади қулларнинг кўзини очишдир. Кўз очилган кун - Ислом Карим режимининг охирги куни бўлади.