26 August 2016
18:48 - Ниҳоят Ўзбекистон овоз чиқарди: “Унгуртепа Ўзбекистонники, қирғизларники эмас!”
Бугун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнот каби хабарда, табиий, Ўзбекистон давлатининг фикри ўз аксини топган. Унга кўра, Қирғизистон тарафидан баҳсли экани айтиб келинаётган Унгартепа шубҳасиз Ўзбекистонга тегишлидир. Мазкур ҳудуд Наманган вилояти Чортоқ тумани тасарруфида бўлиб, қирғизлар уни ўзиники ҳисоблаб келишмоқда.

Аввал мазкур ҳудудда Наманган вилоят милицияси паспортларни текшириш бўйича махсус амалиёт ўтказиб, Қирғизистонга қарашли радиореле станциясида ишлаётган 4 нафар қирғиз фуқаросини ҳибсга олганди. Қирғиз расмийлари эса, Ўзбекистон ушлаб кетган қирғизистонликларни озод қилиш борасида музокаралар олиб борилаётгани, Унгартепа баҳсли ҳудуд эканлигини билдирмоқда.

“Ҳаракат”нинг фикрича, Ўзбекистон ҳамма қўшнилар, айниқса Қирғизистон билан, Совет замонидан қолган баҳсли ҳудудлар масаласида кескинроқ гаплашиши, ҳатто кескинроқ ҳаракатлар қилиши керак. Аслида, Москванинг қарори билан ўтган асрнинг 30-чи йиллари охирида Ўзбекистоннинг катта ҳудудлари қирғизларга бериб юборилиши ноқонуний бўлганини кун тартибига олиб чиқиш лозим.