24 August 2016
22:31 - Ўзбекистонда ниҳоят милиция ҳақидаги қонун қабул қилинди, аммо ишламаслиги аввалдан маълум
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Аммо қонун матни матбуотда эълон қилингани ёки Адлия вазирлиги қошидаги қонун ҳужжатлари базасига киритилгани йўқ. Аксинча, мазкур қонундан сўнг қабул қилинган норматив актлар Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентили ҳамда миллий қонунчилик базасининг сайтларига осиб қўйилди. Сенатнинг ялпи мажлиси ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани ҳақида хабар қилган нашрлар у матбуотда эълон қилингач, орадан ярим йил ўтиб кучга кириши ҳақида ёзишмоқда. Ҳолбуки, қонунлар матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунни шарҳлаган маҳаллий нашрлар унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда президент Ислом Карим томонидан илгари сурилганини таъкидлашмоқда. Эмишки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатасига киритилган ҳамда ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган.

Сенатор Орал Атаниязованинг сўзларига кўра, мазкур қонун ҳужжатида ички ишлар органларининг асосий вазифалари, уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, ушбу муассасаларда хизмат қилиш тартиби ва шартлари, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазаси акс этган. Хусусан, ички ишлар ходимларининг ўқотар қуролдан фойдаланишлари ҳам қонун асосида тартибга солинган.

Булар ҳаммаси сафсата, дейди мухбиримиз. Инсон эркинликлари даражаси бўйича жаҳон давлатлари ичида охиридан иккинчи ўринда турган Ўзбекистонда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун ҳам, бошқалари ҳам, амалда ишламайди. Ягона қонун - режимбошининг буйруқларидир. Ўзбекистонда ижобий йўналишдаги ҳар қандай ўзгариш режимбоши даф бўлгандан кейин бошланади.