23 August 2016
20:54 - Туркияда даҳшатли масхарабозлик давом этмоқда: Фатхулла-гуленчи ҳисобланган 600 полковник армиядан ҳайдалди, Туркия ва Турк Дунёси тушунчалари ўлим йўлида

Авваламбор, нимага бундай воқеаларни масхарабозлик, тўғрироғи, даҳшатли масхарабозлик деб атаётганимизга яна бир марта тушунтириш бериш деб лозим топдик.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Туркия армиясидан тахминан 150 генерал-адмирал фатхулла-гуленчиликда айбланиб армиядан ҳайдалаган, уларнинг бир қисми ҳибсга олинган эди. Бу – Туркия армиясидаги ҳамма генерал-адмиралларнинг учдан бири экан. Ақли бор одам ўйлаб кўрсин, агар Туркиядек катта бир давлат армияси таркибидаги 150 генерал-адмирал ўз ҳукуматидан тинч бир пайтда ўз ҳукуматидан воз кечиб Фатхуллачилар Террор Ташкилоти деб айтилаётган гуруҳга ўтган бўлса, бу дегани Туркия армияси - армия эмас, масхарабозлар отряди бўлиб қолмайдими. 15 йилдан бери ҳокимият бошида бўлган Ражаб Эрдўғон шуни билмаган бўлса, у давлат раҳбари эмас, бош масхарабоз-ку.

Масаланинг иккинчи тарафи шундан иборатки, аввал номи “нурчилар” бўлиб, кейин “фатхулла-гуленчилар” деб аталишга бошлаган оқимнинг замонавий лидери Фатхулла Гулен эканлигини, бу оқим Ражаб Эрдўғонни тўла қўллаб-қувватлаб, у Туркияда ҳокимиятни тўла қўлга олишида асосий роль ўйнаганини Туркияда ёш бола ҳам билади.

Эрдўғон ва Гулен ўртасида аввал ҳам ғоявий фарқ бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ, иккаласининг мақсади Туркияни исломий давлатга айлантириш, Отатуркнинг исмини ҳам тарих саҳифаларидан ўчириб ташлаш. Бир ғояга сиғинган иккита одам орасидаги тахт талашиш асосидаги жанжал ҳам катта масштабдаги масхарабозликдир. Эрдўғон ҳам, Гулен ҳам масхарабозлардир.

Мана энди 600 га яқин полковник терроричилар хизматига ўтишда айбланиб, армиядан қувилибди. Бу ҳам умумий полковниклар сонининг учдан бири ёки чораги бўлса керак.

Туркия оммавий ахборот воситаларида хабар қилинишича, Фатхуллачи Террор Ташкилотига қарши кураш доирасида 81 минг (!!!) одам давлат тизимларидаги ишидан ҳайдалаган, уларнинг баъзилари вақтинча ишдан четлатилган дейилмоқда, 16 минг одам ҳибсга олинган, 7,5 минг одамдан яшайдиган жойидан кетмаслик ҳақида тилхатолинган, Туркиядек мамлакатнинг ҳамма профессорларига мамлакатдан чиқиш тақиқланган.

Юзлаб хусусий мактаблар, 7 университет ҳамда бир қатор телеканаллар ва газеталар бекитилган, юзлаб журналистлар ишсиз қолган, бир қисми ҳибсга олинган. Сонини ҳеч ким билмайдиган шахсий корхоналар (уларнинг учида катта ширкат ва холдинглар бор) бекитилган, баъзиларининг эгалари ҳибсга олинган.

Давлат армияси ва иқтисоди, умуман давлат ҳамда жамият структураларининг катта қисми террористлар қўлига ўтиб кетишидан хабари бўлмай қолган давлат раҳбари, яъни Ражаб Эдрўғон дарҳол истеъфога кетиши керак-ку. Бу фактлар ўртага чиққандан кейин, аслида, Фатхулла Гулен ҳам ўз оқимининг раҳбарлигидан кетиши керак эди-ку.

Аммо, икки тарафдан ҳам истеъфо сигнали йўқ. Демак, масхарабозлик руҳидаги репрессиялар давом этаверади. Фатхулла-геленчилар йўқ қилингандан кейин, навбат дунёвийлик тарафдори бўлган оддий зиёлиларга, ҳижоб тақишни истамаган аёлларга, 5 маҳал номоз қилмайдиганларга, рўза тутмайдиганларга келади ва ҳоказолар. Натижа аниқ - 21 асрда ўрта асрлардаги каби исломий давлат яратиб бўлмайди, аммо Туркиядек давлат йўқ бўлади. Бу нарса Турк Дунёси тушунчаси учун ҳам ўлим бўлиши мумкин.

Расмда - Ражаб Эрдўғон Туркияда исёндан кейин эълон қилинган Фавқулодда Ҳолат доирасида Қонун Кучига эга бўлган Қарорларидан набатдагисини имзоламоқда.