23 July 2016
08:41 - Туркия: Президентни қўриқлайдиган гвардиянинг бир қисми ҳибсга олинди, онамухолифат партияси ўз митингига 1 млн одам кутмоқда

Асосий вазифаси давлат президентини қўриқлаш бўлган Президент Гвардиясининг 300 га яқин офицер ва аскари ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларда ҳам ҳамма нарса аралаш-қуралаш. Баъзи хабарларда 283 киши ҳибсга олингани айтилса, бошқаларида ҳибсга олинганлари сони 300 дейилади. Аммо, бу гвардиядагиларнинг умумий сони қанча эканлиги айтилмайди.

Айнан шу гвардиянинг ҳарбийлари 15-чи июлдан 16-чига ўтар кечаси бўлган исён доирасида давлатнинг ТРТ телеканалини босиб олиб, ҳокимият армия қўлига ўтгани ҳақидаги баёнотни зўрлаб ўқиттирган эканлар. Табиий, қўлга олинганлар фатхулла-гуленчилар деб тақдим қилинмоқда.

Президент гвардияси президент назорати остидан чиқиб кетган давлат тўғрисида нима дейиш мумкин? Ҳеч нарса, шу ҳам давлатми? Ваҳолангки, Ражаб Эрдўғон аввал Бош вазир, кейин Президент сифатида 15 йилчадан бери бу давлатнинг раҳбари эди.

Кечаги хабаримиздан маълумки, онамухолифат партияси, яъни Жумҳурият Халқ Партияси Истанбулнинг Тақсим майдонида “Отатурк, Жумҳурият ва Демократия митинги” ўтказиш ниятини эълон қилганди. Ҳозир маълум бўлишича, партиянинг мақсади бу митингга 1 млн одам олиб чиқиш. Ҳокимият бу митингга қаршилик кўрсатмоқчи эмас. Аксинча, ҳокимиятдаги исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партияси бу митингга ўз раҳбарият аъзоларидан бир нечтасини митинг ташкилотчиларининг таклифига жавобан юбормоқчи.

Агар бу митингга бир миллионни қўйиб туринг, бир неча ўн минг одам келса, исломчиларга жиддий сигнал бўлади – Отатурк, Жумҳурият ва Демократияни йўқ қилолмаймиз. Чунки, ҳокимиятдаги исломчиларнинг ҳам, шу пайтгача улар билан бирга бўлган фатхулла-гуленчиларнинг ҳам мақсади - Отатурк, Жумҳурият ва Демократияни йўқ қилиш, Туркияни Эронга ўхшаган исломий давлатга айлантиришдир.