21 July 2016
21:23 - Дунёвий Туркия давлатининг Президенти Эрдўғон тўлиқ масхарабозлик йўлига ўтди: Анқара масжидида у азон ўқиди

Бугун тонгда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Анқарадаги Миллий масжидда намозхонларни бомдод намозига чақириб, азон айтган. Бу ҳақда хабар қилган турк агентликларига кўра, Президент Саройи яқинида жойлашган бу масжидга келганлардан бири муаззин Эрдўғоннинг видеосини интернетга жойлаштирган.

Табиийки, видео жамоатчиликда катта шов-шувлар уйғотмоқда. Эрдўғоннинг партиядош сафдошлари бу ҳаракатни олқишлашмоқда. Иккинчи томон эса, дунёвий мамлакат президенти бундай иш қилмаслиги кераклиги ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали фикрлар қолдирмоқда.

Бомдоддан сўнг Эрдўғон Туркияда парламент изни билан фавқулодда вазият киритилишини эълон қилди. Мазкур қарор конституциянинг тегишли моддаларига тўлиқ мос бўлиб, у фуқароларнинг эркинлигини чекламайди. Аммо, шундай бўлишига ҳеч ким ишонмайди. Ҳеч шубҳа йўқки, Ражаб Эрдўғон мазкур фавқулодда ҳолат доирасида Туркияни исломлаштириш жараёнини тезлаштиради. У Туркияни исломий давлат деб эълон қилиши ҳам мумкин. Фавқулодда ҳолат пайтида бундай қарор парламент тарафидан тасдиқланиши шарт эмас.