16 July 2016
01:42 - Cенсация, ҳазил эмас, чин: Туркияда давлат тўнтариши, ёки тўнтариш ҳаракати бўлди

Шу дақиқаларда Туркиянинг энг катта газеталарининг сайтларида Истанбулда кўрфаз устидаги иккита кўприк аскарлар томонидан транспорт учун бекитилгани хабар қилинди. Баъзилар йўл бир тарафга бекилганини гапиришмоқда, ҳарбийларнинг бир қисми ўз раҳбарларига қарши ёки ҳукуматга қарши тўнтариш ҳаракатида эканликлари айтилмоқда. Бош вазир Бинали Йилдирим NTV телеканали орқали “давлат тўнтариши қилишга ҳаракат бўлди, шекилли” деган маънода чиқиш қилибди. Кўринишидан, унинг ўзи ҳам нима бўлаётганини билмайди.

Аммо, мавжуд ҳукуматнинг ашаддий мухолифатчиси бўлган “Жумҳурият” газетасининг сайти ҳеч қандай манба кўрсатмасдан, Қуролли Кучлар ҳокимиятни қўлга олганлари ҳақида баёнот тарқатганларини айтиб, бу баёнотдан қуйидаги сатрларни келтиради:

Türk Silahlı Kuvvetleri; anayasal düzeninin, demokrasinin, insan hak ve özgürlüklerinin tekrar temin ve tesisi; ülkede hukukun üstünlüğünün yeniden hakim kılınması; bozulan asayiş düzeninin tekrar sağlanması; maksadıyla ülke yönetimine bütünüyle el koymuştur.

Tüm uluslararası anlaşmalarımız ve taahhütlerimiz geçerliliğini korumaktadır. Tüm dünya ülkeleri ile iyi ilişkilerimizin devam edeceğini temenni ederiz.

Бунинг ўзбекча таржимаси шундай: “Турк Қуролли Кучлари Конституция, демократия, инсон ҳақлари ва эркинликларини қайтадан тиклаш, мамлакатда ҳуқуқ устиворлигини қайтадан ҳоким қилиш, бузилаётган осойишталикни қайтадан тиклаш мақсади билан ўлкада ҳокимиятни қўлига олди. Халқаро шартномаларимиз ва мажбуриятларимиз ўз кучида қолмоқдадир. Бутун дунё мамлакатлари билан яхши муносабатлар давом эттирилишига кафолат берамиз”.

Бу газетанинг хабарига кўра, давлатнинг расмий ТРТ телеканали ҳам қуролли кучлари қўлига ўтган.

Туркиянинг Адолат вазири қуролли кучлар ичидаги бир гуруҳ тўнтариш ҳаракатида бўлганини, Анқара ва Истанбул прокуратуралари текширишлар бошлаганини айтмоқда. Истанбул Хавфсизлик Хизмати ҳам бу иш бўйича тергов бошлагани хабарлар ичида.

Яъни, нима бўлаётганини тўла тушуниш қийин. Воқеаларни кузатиб борамиз.