13 July 2016
20:21 - Қизиқ: Ўзбекистонда ўз сайловчилари билан учрашадиган депутатлар ҳам бор экан, улардан бири жиззахлик Тўлқин Абдусатторов. Уни олқишлаш керакми ёки лаънатлаш?
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида сайловчилар билан учрашибди. Учрашувда тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

- Мустақиллик йилларида халқимиз эришган ва эришаётган улкан ютуқ ва марралар энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида барчамизда фахр-ифтихор туйғуларини янада юксалтирмоқда, – дебди. Матбуотнинг ёзишича, учрашувда депутат иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарган.

Хабарнинг муҳим жиҳати шундаки, янги парламент сайланганидан бери Тўлқин Абдусатторов ўз сайловчилари билан учрашган жуда кам депутатлардан бири бўлиб қолмоқда. Агарда, у ўз ташаббуси ва истаги билан шундай учрашув ўтказган бўлса, уни олқишлаш керак, аммо бу учрашув юқорининг топшириғи билан расмиятчилик учун ўтказилан бўлса, вақти келади, у лаънатланади.