13 July 2016
01:05 - Қозоғистонда давлат тўнтариши уринишига мафиянинг алоқаси борми?
Бир неча кундан бери қозоқ матбуотининг илк саҳифаларини банд қилиб келаётган хабарларда келтирилаётган гўёки фактлар жуда ғайриоддий кўринади. Бу хабарлар чимкентлик бир бой давлат тўнтариши қилиб, ҳокимиятни қўлга олиш ҳаракатида бўлгани ва ҳозир фош этилгани ҳақида.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси матбуот хизмати вакили Руслан Қарасевга кўра, бу бой Тўхтар Тулешовдир. У узоқ вақт хорижда “Биродарлик давраси” деб аталган трансмиллий жиноий ҳамжамият лидерлари билан алоқада бўлган ва уларга молиявий кўмак кўрсатган.

Хусусан, у “дед Ҳасан” лақаби билан машҳур ўғрибоши Аслан Усоян, “Жора Ташкентский” лақабли Георгий Сорокин, “Қора Ғафур” лақабли Ғафур (Арслонбек) Раҳимов, “Максим Бухарский” лақабли Нозим Жумаев ва бошқалар билан доимий алоқада бўлган. Қозоқ хуфяларига кўра, тергов чоғида Тулешов исмлари зикр этилган шахсларга мунтазам равишда йирик миқдорда пул юбориб тургани ҳақида рад этиб бўлмас далиллар қўлга киритилган.

Савол туғилиш табиий: Тўхтар Тулешов мафияга пул бериб, айнан мафияни Нурсултон Назарбойни ағдариш жараёнига тортмоқчимиди? Дейлик, мафиянинг ёрдамида Нурсултон Назарбой ағдарилди, Қозоғистондек давлат мафиянинг қўлига ўтадими? Бунга мафиянинг ўзи ҳам ишонмаслиги аниқ. У ҳолда, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг мақсади нима? Тўхтар Тулешов воқеасини бўрттириб, уни Интерпол ёрдамида қўлга олишми?