09 July 2016
19:16 - Ўқувчимиздан келган хат: Ражаб Эрдўғон уриб туширилган русларнинг учоғи туфайли кечирим сўрамади
Ўзини Aslan Akbey деб танитган ўқувчимиздан Фейсбукдаги саҳифамиз адресига бир хат келган экан, унга вақтида эътибор бермабмиз. У ўз хатида Эрдўғоннинг Путинга юборган мактуби ҳақидаги Туркия расмийларидан бирининг сўзларини келтириб, Эрдўғон кечирим сўрамагани, фақат афсусланганини урғулайди.

Аслида, бу арзимаган хатга эътибор ҳам бермаса бўлар экан. Чунки, Aslan Akbey ўз фикрини Эрдўғон юборган мактубнинг асл нусҳасига эмас, у ҳақда гапирган давлат расмийсига асосланиб билдирган. Давлат расмийси эса, Эрдўғон ўлдирилган рус учувчисининг оиласига қаратиб, “kusura bakmasınlar” деганини билдирганди. Aslan Akbey “Google”даги таржима программасига асосланиб, “kusura bakma” ибораси “кечирим сўраш” эмас, “афсусланиш” эканлигини урғулабди.

Aslan Akbey исмли ўқувчимизга демоқчимизки, “Google”даги таржима программасини яхшилаб ўрган. У ерга кириб, “kusura bakma” иборасининг ўзини таржимага қўйсанг, русчасига “извиняться”, ўзбекчасига “кечирим сўрамоқ” деб беради. Аммо, бу ибора бирон жумла ичида ишлатилса, уни русчасига “сожелеть”, ўзбекчасига “афсусланиш” сифатида таржима қилади. Яъни, сўз ўйинлари “Google”дан бошланади. Қолаверса, “кечирим сўраш” билан “афсусланиш” ўртасида фарқ йўқ, ҳисоб.

Булардан қатъий назар, биз сиёсатда ҳам, оддий ҳаётда ҳам, сўз ўйинлари кўп ишлатилишини аввалдан билардик. Эрдўғон тарихда қоладиган ўз мактубида тўғридан-тўғри кечирим сўрамаганини тахмин қилганимиз сабабли, ҳамма хабарларимизда “сўз ўйинлари билан кечирим сўралганини” алоҳида урғулаган эдик.