09 July 2016
07:48 - Бечора НАТОнинг Варшавадаги саммити Далласдаги терактлар соясида қолиб кетди
Энг қизиғи, Далласда АҚШ армиясининг резервида бўлган 25 ёшли қора танли Мика Жонсон аввалдан тайёрланган операция ўтказиб, 5 оқ танли полиция офицерини ўлдиргани, 7 офицерни ярадор қилгани ҳеч бир ахборот воситаси тарафидан террористик акт деб баҳоланмади. Мика Жонсонни ҳам ҳеч ким террорист демаябди. Ваҳолангки, ҳозир аниқланган маълумотларга кўра, у Фейсбукда ўз саҳифасига эга бўлган Миссисипи Қора Қоплонлар Партияси номли гуруҳнинг аъзоси бўлиб, ўша ерда “Қоралар Ҳокимияти” деб ёзилган плакат остида қўлини кўтариб туриб тушган расмини ҳам эълон қилган экан. Унинг уйида кеч ўтказилган тинтувда портлатгич моддалар ва қуроллар ҳам топилибди.

Полиция бу террористни бомбали робот ишлатиб йўқ қилгани ёзилса ҳам, бу йўқ қилишнинг тафсилотлари айтилмаяпти. Аммо, роботлар билан шуғулланувчи ширкатлардан олинган маълумотларга кўра, ҳозир полицияда расмда кўрсатилган кичик ўйинчоқ автомобиль каби роботлар бор экан. Хабарларда айтилмаса ҳам, бу робот узоқдан бошқарилувчи бўлса керак. У робот автогаражнинг иккинчи қаватида турган террористнинг олдига билдирмасдан қандай яқинлашганини тушуниш қийин. Аммо, бундай тафсилотлар ҳали сир бўлса керак.

Техас штатининг Даллас шаҳрида шундай воқеалар бўлар экан, Варшавадаги НАТО саммитига эътибор кам бўлганини тушуниш мумкин. Аммо, у ерда ҳам баъзи қизиқ воқеалар бўлди. Масалан, НАТО саммитида унга аъзо бўлган 28 давлат раҳбаридан ташқари, Украина Президенти Петр Порошенко, Озорбайжон Президенти Илҳом Алиев ва бир неча давлатнинг раҳбарлари иштирок этишган.

Ҳеч шубҳасиз, бу саммит Россияга тиш кўрсатиш тадбири бўлган ва унинг натижаси сифатида Ғарб-Россия совуқ уруши яна ҳам авжига чиқишга бошлашини тезда кўрсак керак.

АҚШ Президенти Барак Обама Варшавадаги саммитдан кейин расмий ташриф билан Испанияда бир неча кун бўлиши аввалдан режалаштирилган экан. У ўз сафарини бир кунга қисқартириб, Даллас шаҳар мэрининг чақириғига жавобан душанба куни шу ерга келмоқчи.