04 July 2016
22:43 - Саудияда бир кунда уч портлаш: Пайғамбарнинг қабри яқинида, АҚШ консулхонаси олдида, шиалар маҳалласида

Биринчи портлаш маҳаллий вақт билан эрталаб Жиддадаги АҚШ консулхонасидан 100 метрча нарида юз берди. Ўлимчи-террорист консулхонанинг қаршисидаги мачит олдида автомобилини тўхтатиб, уни ўзи билан бирга портлатиб юборган. Портлаш атайлаб АҚШнинг мустақиллик куни уюштирилгани, уч полиция ходими ярадор бўлгани айтилмоқда.

Бир неча соатдан кейин Мадинада Пайғамбарнинг мақбараси (расмда) яқинида иккинчи портлаш уюштирилди. Ал-Арабия телеканалига кўра, портлаш Пайғамбар қабрининг хавфсизлик хизмати жойлашган бино олдида бўлган. Тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Бироздан кейин саудиялик шиаларнинг кўпчилиги яшайдиган эл-Кадиф шаҳрида кетма-кет иккита портлаш бўлган. Воқеа гувоҳлари одамларнинг парчалари сочилиб ётгани ҳақида гапирмоқдалар.

Саудия Арабистонида бир кунда уч ерда портлаш бўлиши, ислом терроризми Ислом динининг муқаддас жойларига етиб келаётганини кўрсатмоқдами, деган савол уйғотиши ғоят табиийдир.