01 July 2016
22:08 - Ислом Карим ниҳоят инидан чиқди, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига сафар қилди

Кеча Қашқадарё, бугун Сурхондарёда бўлган Ўзбекистон президенти Ислом Карим расмий талқинга кўра, жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. У Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Қарши туманидаги “Шукрона” фермер хўжалиги даласида ваъзхонлик қилди. “Фермер ва деҳқонларимиз учун масъулиятли бўлган шу кунларда сизларнинг ёнингизга келиб, дилдан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманг, дейиш менга катта мамнуният бағишлайди”, - деди президент.

У фермер ва ишчиларнинг меҳнат қилиши ҳамда дам олиши учун яратилган имкониятлар, оилавий шароитлари билан қизиқди, деб ёзмоқда расмий матбуот. Бу гапда ёлғон йўқ, президент ростдан ҳам баъзи фермер хўжаликларининг Президент келиши муносабати билан яратилган дам олиш хоналарини кўздан кечирди. Қарши, Шаҳрисабз ва Термиздаги ободончилик ишлари билан танишди.

“Президент Ислом Каримовнинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар, уларда билдирилган фикрлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини, мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигини муттасил юксалтиришга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этди” деб ёзмоқда Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлигининг мухбири.

Аммо рақамларни алдаб бўлмайди, дейди “Ҳаракат” мухбири. Анча-мунча одам биладики, фаровонлиги гўёки юксалаётган Ўзбекистондек мамлакатнинг киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми ва аҳолининг ўртача ойлик маошлари қўшни Қозоғистонникидан 8-10 баравар паст. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишини профессорлармизнинг ўзлари ҳам билишади.

ЎзАнинг хабарига қўйилган Ислом Каримнинг расмига қаранг. Нима ҳам дердик, бечора одам.