01 July 2016
21:34 - Туркия Ғазога биринчи ва охирги ёрдам кемасини юборди

Аввалги хабарларимиздан маълумки, 2010 йилда Исроил ҳарбийлари Ғазо блокадасини бузмоқчи бўлган туркларнинг 9 нафарини ўлдиргандан кейин бошланган икки давлат ўртасидаги кризис шу кунларда ҳал этилгандек бўлди. Икки тарафнинг келишувига мувофиқ, Исроил ўлдирилган туркларнинг оилаларига ҳаммаси бўлиб 20 миллион долларлик тазминот (компенсация) тўлаши, Туркия Ғазога инсоний ёрдам жўнатишга бошлаши, 10 минг тонналик биринчи ёрдам июлнинг биринчи кунлари Туркиянинг Мерсин вилоятидан йўлга чиқиши, икки мамлакат энг қисқа вақтда бир-бирларига элчиларини тайинлаши, Туркия яқин келажакда Ғазога электр ва сув масаласида ёрдам беришни бошлаши керак эди.

Мана ўша келишувдаги бир нарса амалага ошириш бошланибди. Туркияги “Миллиёт” газетасининг хабарига кўра, бугун Туркиянинг Ўртаер денгизига чиқадиган Мерсин вилоятининг портидан Lady Leyla (Хоним Лейла) номли кема Ғазога қараб йўлга чиқди.

Кеманиннг йўлга чиқиш маросимида Туркия Бош вазирининг ўринбосари Вейси Қайноқ, баъзи вазирлар ва кўплаб Мерсин ҳокимияти раҳабарлари иштирок этдилар. Кемада 1 минг 500 дона (!!!) болалар сийиб қўйса сийдигини шимиб оладиган, русчасига айтсак, подгузник, 14 мингга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари солинган қутилар, 5 минг тонна ун, 3 минг тонна шакар, 2 минг тонна гуруч, 500 тонна пистачка ёғи, 10 минг дона болалар пойафзали ва келаётган Рамазон байрамида боларга тақдим этиладиган 10 минг 104 дона ўйинчоқ бор.

Хабар сарлавҳасида бу ёрдам кемасини “биринчи ва охирги” деб атадик. Чунки, Исроил Бош вазири Бенямин Натаняху Ғазони блокада қилиш давом этишини билдирди. Демак, Исроил биронта баҳона ўйлаб топиб, бошқа турк кемаларини Ғазога қўймайслиги ўз-ўзидан маълум. Қолаверса, БМТнинг керакли ташкилотлари озиқ-овқат билан бостириб ташлаган Ғазода овқат муаммоси йўқ. У ердаги сиёсий муаммо ечилиши керак. Яҳудийларнинг тарихий она ватани бўлган бу ерлар яҳудийлар тарафиан қайтариб олиниши араблар тарафидан тан олинадими ёки йўқми? Араблар “йўқ” деса, қарама-қаршилик давом этаверади, Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланаётган Исроилни ҳеч ким йўқ қилолмайди.

Қизиқ, Туркияда ҳокимиятда бўлган исломчилар бирон нарсани ўзгартироламиз деб ўйлаётганмиканлар? Тўғри, уларни ҳам тушуниш мумкин, чунки,ўзбекларнинг “ётиб қолгунча, отиб қол” деган мақоли бор. Аммо, ақлли одамлар “отиб қолишни” эмас, “ётиб қолишнинг” олдини олиш ҳақида ўйлашлари керак.