30 June 2016
16:42 - Туркия хабарчилигида масхарабозлик: Отатурк аэропортига ҳужум қилган 3 террорист тожикистонликми ёки бири ўзбекистонлик, бири чеченистонлик, яна бири қирғизистонликми?

Туркияда чиқадиган энг катта ва обрўли “Миллиёт” газетаси Отатурк аэропортида ўзини-ўзи портлатган жонли бомбаларнинг уччаласи тожикистонликлар эканлиги аниқланганини бугун маҳаллий вақт билан саҳар соатларида билдирган эди. “Ҳаракат” ҳам у хабарни эълон қилди.

Орадан бир неча соат ўтгач, аввалги хабарига ҳеч қандой изоҳ бермаган шу газета террористларнинг бири ўзбекистонлик, иккинчиси доғистонлик ва учинчиси қирғизистонлик эканлиги аниқланганини билдирди. Бу маълумотлар қаердан олингани ҳам айтилмайди. Кўринишидан, Отатурк аэропортидаги терактлар ҳақида хабар тарқатишни тақиқлаган Туркия расмийлари ҳеч кимга расмий маълумотлар бераётганлари ҳам йўқ. Ҳатто “Миллиёт” каби обрўли газеталар эса, сенсация қилиш мақсадида, орқаворотдан олинган ҳар қандай маълумотни ростакам хабардек эълон қилмоқдалар.

Айни замонда, шуни ҳам айтиш керакки, "Ҳаракат"нинг Туркияда давом этмоқда бўлган терактларни фатхулла-гуленчилар ва уларни билиб-билмас қўллаб-қувватлаётган Ғарб, биринчи навбатда, АҚШ рағбатлантираётгани ҳақидаги фикри ўзгаргани йўқ.

Туркия давлатининг расмий Анадоли Агентлиги тарқатган бошқа бир хабарга, у ерда ҳам манба кўрсатилмаганига қарамасдан, балки, ишонса бўлар. Бу хабарга кўра, Террор билан курашиш мудирлигининг Истанбул бўлими Отатурк аэропортидаги террористик ҳужумлар билан боғлик текширувлар доирасида 16 адресда бир вақтнинг ўзида кутилмаган тинтувлар ўтказган ва 13 кишини ушлаган, уларнинг 3 нафари чет эллик экан. Уларни аэропортдаги терактларга қандай алоқаси борлиги мутлақо тилга олинмайди. Куласизми, йиғлайсизми?

Хуллас, ҳаммаёқ ноаниқлик ичида. Туркиянинг Ғарб, Исроил ва Россия билан мунсабатларидаги у ёқдан бу ёққа ташланишлар ҳам кўрсатмоқдаки, Президент Эрдўғон бошчилигидаги исломчилар ҳокимияти ҳамма ерда ип учини йўқотмоқда. Бу яхшиликка эмас. Воқеаларни жиддий равишда кузатиб бориш керак. Жараёнларнинг бошқа тарфларини қўйиб туринг, Турк Дунёси нуқтаи назаридан ҳам ҳамма нарса жуда муҳимдир.