28 June 2016
20:23 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати яна узайтирилди!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзининг бугун тарқатган релизи орқали шу йилнинг 30 май куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Қизилтепа тумани суди томонидан ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати яна 3 йилга узайтирилгани ҳақида хабар берди. Маълум бўлишича, ҳозирда ҳуқуқ фаоли Каттақўрғондаги 7-сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланган Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/29-сонли муассасада (Навоий вилояти Қизилтепа тумани) жазо муддатини ўтаётганди.

Ҳолбуки, деб ёзади “Эзгулик”, шу йилнинг 4 июлида жазо муддати битиб, озодликка чиқарилиши лозим бўлган ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Арофатхон Маматхонова эрининг аҳволи оғирлиги, унинг қон босими тез-тез ошиб кетаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош прокурор ва Олий суд раисига тўхтовсиз мурожаатлар қилаётганди. Ўтган йили “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ, озодликка чиқиши лозим бўлган ҳуқуқ фаоли яна уч йил қамоқда қоладиган бўлибди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг ҳукмини қоралаб, юқори инстанция судларини Ғанихон Маматхоновга қўйилган айбловни бекор қилишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, 1953 йилда туғилган Маматхонов Ғанихон Дадахонович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168- моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан 2009 йилнинг 12 октябрида ҳибсга олинган ва ўша йилнинг 25 ноябрида жиноят ишлари бўйича Охунбобоев тумани суди ҳукми билан 5,2 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йилнинг 17 мартида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа суди ҳукми билан қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси билн 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. У қамалишидан аввал Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Мустақил Ташкилотининг фаоли эди.