28 June 2016
07:38 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Андижон борай десам, боролмайман!”
Андижон вилоятида бугун иқтисодий аҳвол анча таранг. 2015 йил Эски шаҳар ҳудудидаги Деҳқон бозори бузилиб уни янгитдан қуриш учун вилоят бюджетида маблағ етишмасдан боғбон-фермерлардан мажбурий-ихтиёрий тарзда гектарига 200 000 (икки юз минг) сўмдан нақд пул ҳисобида ихтиёрий-мажбурий хайрия бериш талаб қилинган эди. Ўшанда талаб сўзсиз қондирилди. 2016 йилга келиб эса боғбон-фермерларнинг бошида яна бир калтак синди. Фермер хўжаликлар бошқатдан парчаланиб янгитдан тузилмоқда. Шунинг эвазига боғбон-фермерлардан яна ўз фондига гектарига 1000 000 (бир миллион) сўмдан маблағ қўйиш талаб қилинмоқда.

Қизиғи шундаки, ўтган йили кеч кузида раҳбарият айнан боғбон-фермерлардан ўз фондига юқоридаги маблағни 2016 йил учун қўйишни талаб қилган эдилар ҳамда норозиликни олдини олиш баҳонасида “Бу маблағ ўзларингни ҳар хил чиқимларинг учун бир йилга қўйилмоқда. Сизлардан бошқа маблағ талаб қилинмайди”, деб қутилган эдилар.

2016 йил ҳали ярим бўлмасдан давлат боғбонлардан яна юқоридагича маблағни ўз фондлари ҳисобига қўйишни талаб қилмоқда. Акс ҳолда боғ заҳирага олиниши билан фермерлар юрагига ғулғула солинмоқда. Сабаб битта – бюджет тақчиллиги шу маблағалар ҳисобига бироз бўлсада қондирилади. Акс ҳолда жойларда бюджет аҳлининг норозилигига дуч келиш хавфи ортиб бормоқда.

Бу ҳол ўтган асрнинг 30-йилларида юз берган чоракорлик деб аталмиш сиёсий-иқтисодий жараённи такрорланаётганлиги билан баҳоланади. Ўшанда ҳам ёш Совет ҳукумати бойлардан ерларни тортиб олиб ердан қандай фойдаланишни билмасдан мажбуран фойданинг тўртдан бирини давлатга топшириш ва қолган уч бўлагини эса ўзи эҳтиёжи учун фойдаланиш шарти билан деҳқонларга узоқ муддатга топширади. Бироқ орадан бир неча йил ўтиб давлат айни ҳосили ғарқ пишган бир паллада ерни шартномага зид равишда зўравонлик билан чоракор деҳқонлардан тортиб олади. Бугунги вазиятда ҳам оддий халқ худди ўшандай сиёсатнинг қурбонига айланмоқда десак муболаға бўлмайди, фақат сал бошқача кўринишда, холос. Дастлаб боғлар фермерларга 49 йилга шартнома билан расман берилди. Бироз ўтгач, муддат 10 йилга туширилди.

Бугунга келиб эса давлат боғларни ҳар қадамда фермердан тортиб олиш пайига тушиб қолди. Чунки давлатнинг қорни боғбон-фермер тўлаётган солиқ билан тўймай қолди. Аслида унга солиқ миқдорини давлатнинг ўзи белгилаб берган. Юқорида таъкидлаганимиздек, республикада бюджет тақчиллиги тобора ортиб бормоқда. Бу борада аҳоли эҳтиёжини қондириш масаласи куннинг энг долзарб мавзусига айланган.

Республикада ишлаб чиқариш секторининг ривожланмаганлиги ундаги барча хом ашё манбаларига салбий таъсир қилмоқда. Жумладан, боғдорчиликка ҳам. Масалан, давлатнинг ўзида мевани қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлмаганлиги, бўлса ҳам етарли эмаслиги, хусусан, ўзида ишлаб чиқарилган мева маҳсулотларининг тан нарҳининг қимматлиги, аҳолининг ўша маҳсулотларга нисбатан талаби кам эканлиги ёки уларни четга экспорт қилишнинг нақадар оғирлашиб кетганлиги, яъни давлат божи катталигидан ёхуд у ердаги божхона ходимларининг ноқонуний ҳатти ҳаракатларидан, айниқса, ўрик, гилос, слива ва узум каби тез айнийдиган мева боғлари соҳибларига умуман наф қолмади ҳисоб.

Шу кунларда жуда кўп ўрик, слива ва узумга ихтисослашган боғ эгалари ўз қўллари остидаги боғларни кимга топширишларини билмай гаранг. Чунки фойда бермаётган бундай боғни энди ким ҳам ҳавас қиларди. Борлари ҳам ўша ердан мол-қўйини боқиб тирикчилик қилаётган эди. Бугунга келиб давлат уларнинг бу қўшимча фойда олиш манбаига ҳам тўсқинлик қилиб мол боқишларини ҳам таъқиқлаб қўймоқда. Боғ ораларига мол-қўй учун қора экин экиш таъқиқлаб қўйилди. Унинг ўрнига эса қовоқ, картошка, лоя, нўхат ва пиёз каби озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган сабзавот турлари экиш мажбуран жорий қилинди.

Лекин давлат бирорта ҳам боғбон-фермер билан юқорида зикр этилган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш ёки сотиб бериш масаласида шартнома тузиб уларга кафолат хати бермади. Барча буйруқлар уларга оғзаки тарзда етказилди. Ҳали замон вақти келиб ғалвир сувдан кўтарилиб ишлар сарҳисоб қилинганда бечора боғбон фермерлар етиштирилган ҳосилни сота олмай сарсон саргардон бўлмасайди. Чунки шундоқ ҳам бозорларда юқорида зикр этилган озиқ овқат маҳсулотлари шунлоқ ҳам тўлиб тошиб ётади.

Аксинча, боғбон фермерларга айни кузда сўнгра қиш мавсумида мол-қўйлари учун озиқа зарурати туғилганда ўз боғида зўрлик билан етиштирилган, лекин мол-қўйларга ем-ҳашак ўрнини боса олмайдиган картошка ёки пиёзини давлат улгуржи нарҳда сотиб бериб уларнинг юқорида тилга олинган эҳтиёжини қондира олармикан?! Бу анча мушкул вазифа ҳисобланади. Чунки вазият шу даражага етиб келадиган бўлса, аниқки, биринчи ўринда маҳаллий раҳбарлар жавобгарликдан ўзларини олиб қочиб бечора боғбон фермерга: -Биз билмаймиз. Бизга юқоридан буйруқ бўлган, биз уни жорий қилдик, холос, дейишдан тап тортмайди. Бу ерда яна ким жабр кўради, албатта, оддий халқ вакили ҳисобланмиш боғбон фермер-да! Натижада, бозорларда нима қимматлашади – гўшт маҳсулотлари.

Республика бўйича ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилмаганлиги боис аҳоли ўртасида пул айланмаси деярли йўқ. Пластик карталар билан қонуний муомала қилиш барча жойда кафолатланмаган. Ана шунинг ҳисобига оддий фуқаро ўз уйида ҳайвон ушлаб туришга мажбур бўлади. Чунки Ўзбекистонда ҳамма жойда ҳам пластик карталар билан савдо-сотиқ қилиб бўлмайдиган хоналари ҳам бисёр. Шунинг учун нақд пул керак бўлган пайтда ўша ҳайвонлардан бири бозорга олиб борилиб сотилади ҳамда фуқаронинг катта бир муаммоси шу билан ҳал бўларди. Энди-чи?! Буёғи неча пулдан тушар экан-а!

Мусажон Бобожон