25 June 2016
01:47 - Россия демократларига нисбатан сотқинлик қилган Никита Белих пора сифатида 400 минг евро олаётган пайтда ушланди. Ўзбекдан чиққан сотқинларнинг тақдири нима бўлганди?

“Ҳаракат” Агентлигининг 2008 йил 26 сентябрдаги “Рус демократлари бирлашиб улгурмасдан айрилмоқдлалар” сарлавҳали хабарида шундай сатрлар бор эди:

* * * * *

Ўн кун аввал Россия оммавий ахборот воситаларида демократик қанотда янги партия пайдо бўлиши ҳақида хабарлар тарқатилганди. Уларга кўра, бу партияга Ўнг Кучлар Иттифоқи (Союз Правых Сил, раиси Никита Белих), Бирлашган Фуқаролар Фронти (раиси Гарри Каспаров), Россия Халқ Демократик Иттифоқи (раиси Михаил Касьянов) ва Жумҳурият Партиси (раиси Владимир Рижков) кириши мумкинлиги айтиларди. “Яблоко” партияси дарҳол бу лойиҳага қарши эканлигини билдирганди. Бу лойиҳа амалга оширилиса, рус демократик мухолифатининг бирлашиш йўлидаги катта қадам бўлган бўларди.

Аммо, келаётган хабарлар демократларнинг бирлашиши осон эмаслигини яна бир марта намойиш қилмоқда.

Бугун СПСнинг раиси Никита Белих раисликдан истеъфо бергани ва бу ташкилотдан чиққанини эълон қилди. Тўла ишониб бўлмайдиган маълумотларга қараганда, СПС раҳбарияти янги тузиладиган партияга кириш ниятидан воз кечган. Айнан шу сабабдан Никита Белих истеъфога кетган.

Тахмин даражасида ва номи эълон қилинмаган манбаларга асосланиб билдирилишича, СПС Кремлнинг ташаббуси билан тузиладиган ва унинг назорати остида ишлайдиган бошқа бир партияга кириш ниятида эмиш. Михаил Касьянов СПСчиларни шармандагарчиликда айлаб баёнот ҳам беришга улгурганидан тушунса бўладики, бу гаплар орқасида ҳақиқат йўқ эмас.

* * * * *

Эслатиб ўтиш керакки, “Ҳаракат” Агентлиги ўша йилларда ҳали шок терапияси усуллларини ишлатмасди, айнан, шу сабабдан, Никита Белихга нисбатан “сотқин” сўзи ишлатилмаганди. Тез орада Никита Белих ҳақидаги тахминлар тўғри чиқди. 2008 йил 8 декабрда Россяининг ўша пайтдаги Президенти Дмитрий Медведев кечаги демократни Киров вилояти губернаторлигига номзод қилиб кўрсатди ва 28 декабрда Никита Белих вилоят Кенгаши тарафидан губернатрликка сайланди. Ўшандан бери собиқ демократ Путиннинг режимига хизмат қиларди.

Аммо, кеча Никита Белих Москвадаги қимматбаҳо ресторанлардан бирида 400 минг евро миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олингани Россия ахборт воситалари тарафидан маълум қилинди. Пора берувчилар Федерал Хавфсизлик Хизмати билан алоқа ўрнатиб, Никита Белихни қўлга тушириб беришибди.

Бу воқеанинг тафсилотлари бизни қизиқтирмайди, дейди мухбиримиз. Аммо, ўз сафдошларига нисбатан сотқинлик қилганларнинг охир-оқибати шундай бўлишини, қолаверса, шундай бўлиши кераклигини, биз ҳар доим гапириб келмоқдамиз ва гапиришда давом этамиз.

Маълумки, ўзбек демократлари орасида биринчи сотқин – ҳозир 53-54 лақаби билан танилган, Ислом Каримдан Тошкент марказида жойлашган 53-54 номерли квартираларни олиш ва Коммунистик Партия рўйхатидан альтернативсиз парламент депутати бўлиш эвазига “Бирлик” Халқ Ҳаракатини муҳим сайловлар арафасида парчалаш ишини бажарган Салой Мадаминдир. Ислом Карим унга “Эрк” партиясини ҳам яратиб берди, аммо Ўзбекистонда демократик жараёнларни тўхтатиб бўлгандан кейин, уни бир тепиб улоқтирди.

У Ўзбекистондан қочиб қолмаса, қамалиши ҳам муқаррар эди. Салой Мадамин кейинчалик Толибон ва унинг ўйинчоғига айланган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ҳамкорлик қилгани, Тошкентдаги 1999 йил терактларини ҳозирлашда иштирок этганининг жазосини ўзига ўхшган ифлос укаси Ўзбекистон қамоқхоналарида тортмоқда.

Салой Мадамин ва Никита Белих кабиларнинг мисоли кўрсатаётгандек, ҳамма хоинлар вақти келиб жазоларини оладилар. Булар бошқаларга дарс бўлишини истаймиз.