23 June 2016
22:08 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Фарғона тонг отгунча ва отгач...”

26. 05. 2016 йил куни Фарғона шаҳрида спорт бўйича ёшлар Универсиадаси бўлиб ўтди. Шаҳар меҳмонларни зўр шодиёналар билан кутиб олди ҳамда худди шу руҳда кузатиб ҳам қўйди. Лекин бу Фарғонанинг тонг отгандаги умумий кўриниши эди, холос.

Аслида Фарғона бюджет аҳли вилоятдаги шу бир тадбир туфайли тун тушиши билан то тонг отгунча ўз оиласи даврасида «оч қорним, ғалвали қулоғим» кўйига тушиб қолган эди. Чунки маҳаллий ҳокимият бу спорт тадбирини ўтказиш учун бутун бир давлатга қарам бўлган давлат идоралари ходимларига ойлик-маош беришни беш ойга тўхтатиб қўйди.

Айниқса, бу ҳолатдан Фарғона шаҳридаги учта олий ўқув юрти Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Фарғона давлат университети, Фарғона политехника университети, ТАТУ Фарғона филиали ўқитувчи-талабалари жамоаси кўпроқ жабр кўрди. Чунки уларга универсиада сабаб беш ой давомида ойлик-стипендиялар берилмай турилди. Вилоятдаги бор бюджет маблағлари эса тадбир ўтказиш ишларига пешма-пеш сарфлаб юборилган. Бу вилоятда ишлаб чиқариш кўнгилдагидек эмаслигидан, тадбиркорлик субъектлари яхши ривожланмаётганлигидан дарак беради.


Маҳаллий раҳбарлар Тошкентга вилоятда ҳамма нарса зўр деб ёлғон ҳисоботлар тақдим этиб келган. Марказ эса уларнинг бу ёлғон ҳисоботларига лаққа ишонган ва спорт тадбирини Фарғона вилояти кучанмасдан-чиранмасдан бемалол ўтказишига тўлиқ ишонган. Натижаси эса марказга маълум бўлмаган юқоридаги ҳолатни келтириб чиқарган.

Оқибатда вилоятда, айниқса, юртнинг келажаги бўлган ёшлар ўртасида порахўрлик ҳамда коррупциянинг ривожланишига амалий шароит яратиб берилди. Маълум бўлишича, Фарғона шаҳри спорт тадбири баҳона гуллар шаҳрига айлатилиши кўзда тутилган эди. Гул кўчатларини экиш маҳаллий ҳокимиятдагиларга чўт эмас эд-ю, аммо унинг бир лекини бор эди.

Хўш, гул ниҳолларини қайси маблағ ҳисобига олиш керак, албатта, буни ҳам бечора олий ўқув юртлари ўқитувчилари зиммасига юклаб юбордилар. Норозилик билдирганларга эса: -Пул топиш қўлингдан келмаса, марҳамат, аризангни ёз, жойни бўшат, деган буйруқ берилди.

Мусажон Бобожон