21 June 2016
16:37 - Ҳамма “Ҳаракат”га қулоқ солади: Доналд Трампнинг Сайлов Штаби раҳбари ўзгартирилди

Шу пайтгача Республикачилар Партиясининг президентликка номзоди бўлиши аниқ бўлиб қолган Доналд Трампнинг Сайлов Штаби раҳбари лавозимида Кори Левандовски ишлаётган эди. АҚШ оммавий ахборот воситалари айтишича, Кори Левандовски Сайлов Штаби раҳбари бўлган пайтда ўтказилган праймеризларда Доналд Трампга 12 миллиондан ортиқ америкалик овоз берган. Бу тарихий рекорд экан.

Кеча, кутилмаганда Кори Левандовски истеъфога жўнатилди ва унинг ўрнига Пол Манафорт (Paul John Manafort, Jr.) тайинланди. 67 ёшли бу киши (расмда) танқли лоббист ва политехнолог бўлиб, бир неча президентнинг Сайлов Штабларида ишлагандан ташқари, Украина Призиденти Виктор Януковичнинг маслаҳатчиси бўлиб ҳам ишлаган экан.

Айтилишича, айнан Кори Левандовски Доналд Трампнинг шок терапияси усуллари билан айтилган қўполроқ гапларнинг муаллифи бўлган. Трамп расмий номзод сифатида 8 ноябрда бўладиган президент сайловигача ўз тарафдорларининг сонини кўпайтириш учун, аввалги қўпол гапларидан воз кечиб, дипломатикроқ усулда гапиришга ўтиши керак.

“Ҳаракат” Агентлиги Доналд Трампнинг айниқса мусулмон муҳожирларга нисбатан ишлатилган қўпол сўзларини чиройли таҳлил қилиш лозимлигини айтиш билан чекланиб қолмасдан, амалда ўзи ҳам айнан шундай қилган ва бундай қилиш мусулмонларнинг Трампдан тўла юз ўгирмасликларига хизмат қилишига ишонган эди. Мана, амалда айнан шундай бўлмоқда ва Доналд Трамп ўз командасига политехнология устаси бўлган одамни раҳбар қилмоқда.