18 June 2016
07:30 - Туркияда навбатдаги жанжал: Намоз қилган ҳайвонми, намоз қилмаганми?

Ҳамма нарса Туркия давлатининг расмий TRT телеканлидаги “Рамазон севинчи” номли эшиттиришда қатнашган Истанбул Университети Илоҳият факультети профессори Мустафа Ашкарнинг “Номоз қилмаган ҳайвондир” дейишидан бошланди. Ҳамма газеталарнинг Интернет-сайтларида бу хусусда мақолалар ёзилар экан, уларга ўз фикрини билдирган баъзи ўқувчилар “Намоз қилишда ҳайвонга ўхшаб тўнқайишга нима дейсиз” деб постинглар қилдирдилар.

Бировлар у профессордан кечирим сўрашни талаб қилсалар, бошқалар “кечирим сўраш шарт эмас, аммо бундай қўпол гапириш ҳам хато” деган фикр билан чекланишди.

Қаранг, Оллоҳ одамларга Қуръондек китоб юбориб, Ислом дини шаклланишга бошлаганига 14 аср бўлмоқда. Аммо, ҳалигача, одамзоднинг кўпчилиги бу динни қабул қилиш ниятида эмас, қабул қиладиганга ҳам ўхшамайди. Чунки, мусулмонлар дунёнинг энг қашшоқ ва қолоқ қисми экан, ким бу динни осонликча қабул қилади. Саҳобалар қайтиб, қилич ўйнатмасалар, бу ишда олдинга кетиш бўлмаслиги аниқ.

Мусулмонларнинг ўз ичида “Намоз қилган ҳайвонми, намоз қилмаганми?” шаклдаги баҳсларнинг чиқиши эса, динимизнинг келажаги борми ўзи, деган саволлар ҳам чиқаради. Бунинг жавоби аниқ: Ислом дини тезда дунёвийлик принципини қабул қилиб, ривожланиш йўлига ўтмаса, унинг келажаги йўқ. Ҳозирча, бу келажак ҳақида нима учун фақат ва фақат “Ҳаракат” ўйлаётгани, Ислом уламоларнинг келажагимиз билан умуман иши йўқлиги ҳам ҳаммани ўйлантириб қўйиши керак.

Жойи келгани учун айтиш керакки, Туркияда мадрасалар тақиқланган, уларнинг вазифасини университетлардаги илоҳият факультетлари бажаради. Аммо, мадраслардан фарқли ўлароқ, илоҳият факультетларида дунёвий фанлар ҳам ўқитилади. Яъни, уни битирганлар ўзимиз яшаётган дунёни ҳам билишади.

Ҳозир ҳокимиятда бўлган исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партиясининг мақсадларидан бири, очиқ айтилмаётган бўлса ҳам, мадрасларни тиклаш эканлиги ўз-ўзидан маълум. Агар шундай қилинса, илоҳиятчилар Қуръондан бошқа ҳеч нарсани, Оллоҳ яратган дунёни ҳам билмасдан яшашга бошлайдилар. Бундай жамият тезлик билан ўрта асрларга қайтади. Ана унда кейин, ким ҳайвонлиги ҳақидаги баҳслар ҳам битади.