17 June 2016
22:27 - Петербург Халқаро Иқтисодий Форумида нималар бўлмоқда?
Санкт-Петербургда 16-18 июнь кунлари ХХ Петербург Халқаро Иқтисодий Форуми ўтказилиши ҳақида аввал хабар берган эдик. Кеча бу Форум иш бошлади.

2 кун аввал Санкт-Петербургга келиб бўлган Россия Президенти Владимир Путин аввалига Форумда иштирок этиш учун келган чет элликлар билан учрашувлар ўтказиш билан машғул бўлди. Масалан, у қайсибир ресторанда Франциянинг собиқ президенти Саркози билан овқатланди, БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун ва Еврокомиссия раиси (ЕИнинг Бош вазири деса бўладиган одам) Жан-Клод Юнкер билан расмий учрашувлар ўтказди.

Россия ахборот воситалари ва Путиннинг турли даражадаги маслаҳатчи ҳамда ёрдамчилари Жан-Клод Юнкернинг бу Форумга келишини Россиянинг қандайдир ғалабаси сифатида кўрсатишга уринмоқдалар. Ваҳолангки, ЕИ Россияга қарши киритилган санкциялар муддатини узайтирмоқчи. Кўринишидан, ЕИ Жан-Клод Юнкерни Путиннинг олдига разведка учун юборган. Санкциялар эса, узайтирилади, Россига босимлар давом этаверади.

Лекин Иқтисодий Форумда чиқиш қилган турли даражадаги россиялик иқтисодчи ва молиячилар аҳвол яхши эмаслигини очиқча гапирмоқдалар ва айни замонда, ҳамма нарса яхши бўлишига умид билдирмоқдалар. Путиннинг норасмий бош маслаҳатчисига айланган Алексей Кудрин Россияда жиддий иқтисодий ва молиявий, ҳатто сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши кераклигини бу Форумда ҳам гапирди.

Бугун бу Форумда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой ва Россия Президенти Путин ҳам сўзладилар. Уларнинг иккаласи ҳам Ғарбнинг санкцияларини тилга олмасалар ҳам, айнан шу санкциялар остида ўз мамлакатларининг аҳволи оғир эканлигини тан олдилар.

Нурсултон Назарбой саволларга жавоб берар экан, иқтисодни сиёсатлаштиришга тамомийла қарши эканлигини гапирди. Бу хусусда “Бечора Нурсултон Назарбой” деб айтишга тўғри келади. Чунки, ҳозир дунёда ҳамма нарса сиёсат атрофида айланмоқда. Тўғрими-нотўғрими, бу ҳақиқатни ҳамма тан олишга мажбур.

Айнан шундай қовун тушуришни Путин (расмда) ҳам қилди ва Европа футбол чемпианатида ўрис футбол фанатларининг аҳволи ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, спорт атрофидаги масалалар сиёсатлаштирилаётганини тилга олди. Бу бечора ҳам бугунги дунёда ҳамма нарса сиёсатлашаётганини тушунмаётган бўлса керак.

Тўғри, у ўзининг нутқида Россияни Ғарбнинг босимларига қарамасдан гуллаб-гуркираш остонасига олиб келаётгани билан мақтанди. Аммо, бу лофларга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким ишонмаслиги ўз-ўзидан маълум. Ҳатто россияликларнинг ҳам Путинга ишончи йўқолиш арафасига келмоқда. Путин Украина ва Суриядаги конфликтларда орқага чекиниши мумкинлиги ҳақида ҳам сигналлар берди. Аммо, бунга ҳам ишонадиаган одам топилмаслиги аниқ.

Маълумки, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Ислом динини чуқур инқироздан олиб чиқиш учун фундаментал ислоҳотлар ўтказиш лозимлигини гапирар экан, ҳозир Ислом дунёси бундай ислоҳотлар ўтказишга тайёр ва қодир эмаслигини урғулаб, бу иш ҳам сиёсатчилар елкасига тушиши ҳақида гапирмоқда. Агарда, у ўз фикрларини Санкт-Петербургдаги каби йиғилишларда гапирса, диний уламоларни қўйиб туринг, Владимир Путин ва Нурсултон Назарбой каби сиёсатчилар ҳам эс-ҳушларини йўқотсалар керак.