17 June 2016
17:34 - 24 июнда Тошкент аэропорти 5 соатга ёпилади
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси йўловчиларни 24 июнь куни Тошкент аэропортининг барча терминаллари (соат 13.00дан 18.00га қадар) ёпилиши ҳақида ўз мижозларини огоҳлантириш билан бир қаторда, келтирилган ноқулайлик учун мижозлардан узр ҳам сўраб қўйишни унутмабди..

Аслида муҳим бўлгани бошқа хабардир: “24.06.2016 йил, маҳаллий вақт билан соат 13.00дан 18.00га қадар "Тошкент" халқаро аэропорти ШҲТ саммити расмий делегациялари самолётларини кузатиш муносабати билан йўловчилар рейсини амалга оширмайди". Фақат "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси эмас, Тошкенга, Тошкентдан ёки Тошкент орқали учоқ учиридагина ҳамма чет эллик авиаширкатларга ҳам тегишли бўлган бу қарор ким тарафидан олингани айтилмайди.

Бундан олдинроқ, Тошкент шаҳрида 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан шу куни шаҳардан учиб кетадиган барча йўловчилар аэропортга рейсдан тўрт соат олдинроқ келишлари лозимлиги хабар қилинганди. Бу ҳақдаги огоҳлантириш авиакасса ва сайёҳлик агентликларига тарқатилган.

Қўшимча равишда жадвалларда ўзгаришлар эҳтимоли борлиги ҳақида маълум қилиниб, халқаро ва маҳаллий рейслар йўловчиларидан парвознинг аниқ вақтини қўнғироқ қилиб аниқлаш сўралмоқда, дейилади Кун сайти тарқатган хабарда.