16 June 2016
07:57 - АҚШнинг тегишли органлари террорист Умар Сиддиқий Матиннинг ИШИД билан алоқаси бор-йўқлигини билолмасдан хуноблар
Reuters Агентлиги хабар беришича, АҚШ Конгрессининг юқори палатаси Сенатнинг Истиҳборот Комитети раиси Ричард Берр Орландо террористининг халқаро террористик ташкилотлар билан алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмаганини айтибди.

Миллий Хавфсизлик Комитетининг раиси Рон Джонсон эса, Умар Матин Орландодаги гей-гомосексуаллар клубига ҳужуми пайтида Интернетнинг Фейсбук тармоғи орқали бир неча хабар тарқатиб, ўзини танитганини айтмоқда. Бу ҳақда Fox News телеканали айтибди.

Умар Матин ўша хабарларида ИШИДнинг лидери Абу Бакрга хизмат қилишга қасамёд қилгани, ҳақиқий мусулмонлар Ғарбнинг ифлос йўлларини ҳеч қачон қабул қилмасликларини ёзибди.

Шундай экан, Умар Матин ИШИД ёки бошқа террористик ташкилотлар билан алоқаси бор-йўқлигини қидиришнинг нима кераги бор? Умар Матиннинг, Калифорния, Париж, Брюссель ва Оқтепадаги террористларларнинг, ИШИДчи, Толибончи ва Ал-Қоидачиларнинг мақсади битта - ҳамма ерда кофирларни йўқ қилиш, ҳамма давлатларни исломий қилиб, кейин Халифаликка бирлаштириш, ҳаммани Шариат қонунлари остида яшашга мажбур қилишдир.

Уларни бу йўлга солаётган нарса – Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиққаётган, аммо ҳозир Ислом дини тарафидан қабул қилинган тушунчалардир.

Ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайдиган одамлар Интернет асрининг имкониятларидан фойдаланиб, ҳеч қандай алоқалари бўлмаса ҳам, бир-бирларини рағбатлантирмоқдалар, якка ҳолда ҳам курашишга тайёр эканликларини кўрсатмоқдалар. АҚШдек давлатнинг тегишли органлари ҳалигача шу нарсаларни тушунмаётганлари устида кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан.

Энди якка террористлар ва террористик ташкилолтларни йўқ қилиш орқали ислом терроризмини йўқ қиламиз деб ўйлаётган Ғарбнинг сиёсатчилари, журналистлари ва олимлари 21 асрнинг чақириқларига жавоб беролмайдиган ҳолда эканликларини кўрсатмоқдалар. Минг афсусуки, бундай касаллик ўзини замонавий деб ҳисоблайдиган осиёлик ва африкалик сиёсатчи, журналист ва олимларда ҳам бор.

Аслида, жаҳоннинг ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқишнинг бирдан бир йўли – Ислом дини ўз ичида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир.