16 June 2016
01:23 - Даҳшатларнинг даҳшати: Туркияда саратон касаллигидан ўлаётган ўғлини отиб ўлдирган отага 15 йил қамоқ жазоси берилди
Истанбулнинг шарқида жойлашган Измит вилоятининг маркази бўлган Измит шаҳрида яшайдиган оиланинг Фотих исмли, 23 ёшли ўғли саратон касалидан ўлар экан, оиласидагиларга фарёд қилибди: “Ёки мени даволатинг ёки ўлдиринг”. Докторлар унинг 2 ойлик умри қолганини айтишаётган экан.

Унинг отаси Салим Бирижик ўз боласининг нафақат жисмоний, балки, руҳий азобларига чидай олмасдан, 14 йил аввал бир танишидан ноқонуний шаклда сотиб олган ва ҳеч қачон ишлатмаган тўппончасини билан ўз ўғлини ухлаб ётган пайтда отиб ўлдирибди. У судда ҳам дод фарёдлар ичида бўлган воқеанинг айнан шундай айтиб берибди.

Прокурорлар бечора отага оғир шартлар остида умрбод қамоқ жазоси беришни талаб қилибдилар. Аммо, суд 15 йиллик қамоқ билан чегараланибди.

Туркияда ўлим жазоси йўқ, энг оғир жазо - умрбод озодликдан маҳрум этишдир. 15 йиллик қамоқ ҳам катта жазо. Бундай ота 15 йил қамоқда ўтирармиди, биринчи имкон бўлиши билан ўзини-ўзи ўлдирмайдим? Фарзандини азоблардан қутқарган отага жазо бериш адолатсизликдек кўринмайдими?

Аммо, унга жазо бермаслик, оталар тарафидан касал фарзандларини ўлдириш ҳолларини кўпайтириб юбормайдими?

Бундай саволарга ҳеч ким жавоб беролмайди. Даҳшатларнинг даҳшати бўлган бундай воқеалар хусусида “худо асрасин” дейишдан осони йўқ. Нега худо бундай даҳшатли воқеаларга имкон бермоқда? Ёки бу бечора Фотихнинг фақат худо биладиган айблари бор бўлиб, худонинг ўзи уни шундай жазоладимикан? У ҳолда, севимли ўғлини ўлдиришга мажбур бўлган отанинг ҳолига нима дейиш ва қандай баҳо бериш керак?