15 June 2016
22:17 - Россиядан юртимизга пул ўтказмалари 283 миллион долларга, яъни 54 фоизга қисқарганмиш, бу хабарда қандайдир англашилмовчилик бор

Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги умумий пул ўтказмалари, яъни икки тарафлама пул ўтказмаларининг ҳажми шу йилнинг биринчи чорагида 283 миллион АҚШ долларини ташкил этибди. Бу рақам ўтган йилнинг шу давридаги миқдорга нисбатан 53,91 фоизга паст эмиш.

Жумладан, Ўзбекистонга жўнатилган пул маблағлари 256 миллион долларни, Ўзбекистондан Россияга пул ўтказмаси эса, 27 миллон АҚШ долларини ташкил қилар экан. Бу ҳақда Россия Марказий Банки хабар тарқатди.

Лекин, дейди мухбиримиз, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор. Ғарбнинг санкциялари остида Россия иқтисоди чўкишга бошламасдан аввал, айнан ўша Россия Маркий Банки, бир йилда Россиядан Ўзбекистонга 6 миллиард долларга яқин пул жўнатилганини хабар қилганди. Демак, ўртача ҳар чорак йилда сал кам 2 миллардга яқин пул жўнатилган эди. Ҳозир эса, гапиришга ҳам арзимайдиган бор-йўғи қандайдир 300 миллион доллар атрофидаги пул ҳақида гапирилмоқда.

Юз минглаб, балки, миллиондан ортиқ юртдошларимиз Ўзбекистондаги оилаларини боқиш учун Россияда мардикорчилик қилиб, уйларига катта миқдорда пул ўтказаётганлари маълум. Демак, Россия Марказий Банкининг ҳозир тарқатган рақамларида қандайир англашилмовчилик борлиги шубҳасиз.