06 June 2016
16:33 - Россия Президенти Санкт-Петербургда бўладиган халқаро иқтисодий форумга аввалдан табрикнома юборибди

Ҳа, Санкт-Петербургда 16-18 июнь кунлари ХХ Петербург Халқаро Иқтисодий Форуми бўлади. Владимир Путин у ерда иштирок этса керак. Аммо, у бугуноқ форум иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутлов хати юборганини тушуниш қийин. Балки, унинг мақсади – авваллари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмаган, Ғарбнинг санкцияларидан кейин қиймати яна ҳам тушиб кетаётган бу Форумга ҳаммани диққат-эътиборини тортишдир

Путин ўз табригида йилдан йилга Петербургадаги Форумнинг обрўси ва таъсир кучи ортиб бораётгани, унинг бу йилги шиори “Янги иқтисодий реалликлар арафасида” деб аталишини урғулабди. Бу шиорга асосланиб тахмин қилиш мумкинки, бу Форумда 2017 йилнинг ёзигача Путин учун унинг бош иқтисодий маслаҳатчиси Алексей Кудрин тарафидан тайёрланаётган мамлакатнинг янги ривожланишлар стратегиясининг асосий нуқталари муҳокамага қўйилса керак. Яна тахмин қилиш мумкинки, бу стратегиянинг ўзи Форумда ҳеч тилга олинмайди.

Хабарларга кўра, бу Форум меҳмонлари ичида кўзга кўринган бир нечтагина одам бор. Булар - БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун, ЕИнинг Бош вазири ҳам деса бўладиган Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер, Италия Бош вазири Маттео Ренци ва Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози.