03 June 2016
18:35 - БМТ Россияни Қримтатарлар Миллий Мажлисини тақиқлаш қарорини бекор қилишга чақирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котибининг инсон ҳақлари бўйича ўринбосари Иван Шимонович (расмда) Киевда матбуот конференцияси ўтказгани “Озодлик” радиосининг украинча хизмати қошидаги Қрим масалалари бўйича шуғулланувчи “Крым-Реалии” сайти тарафидан эълон қилинди. Иван Шимонович шу ерда Россия Олий судига мурожаат қилиб, Қримтатарлар Миллий Мажлисини тақиқлаш қарорини бекор қилишга чақирибди. Бу сайт Қрим Россия тарафидан босиб олингандан кейин, яъни 2014 йили иш бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, Москванинг қўғирчоғи бўлган Қрим Олий суди Қримтатарлар Миллий Мажлисини экстремистик деб баҳолаб, унинг фаолиятини шу йил 26 апрелда тақиқлаган эди. Украина ҳукумати бу масала бўйича Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига ҳам мурожаат қилишга тайёрланмоқда экан.

Ҳозир Москва бу масала бўйича дарҳол чекинишини кутиш хато бўларди, дейди мухбиримиз. Аммо, Россияга қарши Ғарб тарафидан киритилган санкциялар доирасида ахир бир кун Россия чекинишга маҳкум. Ана ўшанда Қримтатарлар Миллий Мажлисининг расмий фаолияти учун ҳам йўллар очилади. Бу йўл тезроқ очилиши учун БМТнинг босими ва Европа Инсон Ҳуқуқлари Судининг қарори жуда керак бўлади.